21:28 / 30.04.2018
71239

Шифокор ва ҳамширалар барибир металлолом йиғишга мажбурланяпти

Ўзбекистон Республикаси Президенти Сирдарё вилоятида ўтказилган йиғилишда «Очиғи, бу менда нафрат уйғотмоқда, ўқитувчиларни мажбурлаб ободонлаштириш, кўча супуришга жалб этиш —  бу биз олиб бораётган сиёсатга хиёнат. Бу нафақат менга, балки давлатимиз олиб бораётган сиёсатга хиёнатдир», деганди. Бундан саноқли кунлар ўтиши билан ҳукумат раҳбари, Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Абдулла Арипов ҳам қатъий сиёсий ирода билдирди: мажбурий меҳнат ва бюджет ташкилоти ходимларини ноқонуний ишларга жалб этишга йўқ деймиз! 

Ана шу сўзларга жавобан Сурхондарё вилояти Шўрчи тумани Тиббиёт бирлашмаси туғуруқ бўлимида ишловчи ходимларга 20 килограмм металлолом ва 4 килодан макулатура топиб келиш топширилди. Кимки, металлолом ва макулатура топиб келолмаса, марҳамат, пулини тўлаши мумкин. 

Kun.uz ахборот манбасининг хабар беришича, 1 кило  металлолом  учун 1 000 сўм, макулатуранинг килоси  учун 1 500 сўмдан тўланса, мажбурият топширилган ҳисоб.  Металлолом  ва макулатура топширганларнинг қўлига имзо қўйилган қоғозча берилмоқда.

«​Бундай ноқонуний топшириқдан норозилар кўп, аммо кимдир бирор журналистгами, «​бегона»​ларгами, оғзидан гуллаб қўйса, ҳодисаларни «шамоллатса»​ ҳолига вой: бирлашманинг муваққат раҳбари Чори Йўлдошевнинг қаҳрига учрайди. «​Ҳар қандай йўл билан бўлмасин, ишингдан хато топаман. Биламан, ҳаммангнинг қўлинг қинғир, бошқарманинг ўзи ковушингни тўғирлайди»,​ дебди раҳбаримиз ходимларга секингина»​, дейди Kun.uz мухбири билан суҳбатлашган шифокор.

«​2017 йил 22 сентябрь куни Тиббиёт бирлашмасининг туғуруқ бўлими мудири Абдураҳмон Поёновнинг топшириғи билан 9 нафар ҳамшира пахта теримига чиқарилганди. Катта ҳамширалардан бири мудирнинг бу ноқонуний топшириғи ҳақида журналист танишига айтган экан. Тўполонларнинг бошида Сурхондарё вилояти Соғлиқни сақлаш бошқармасининг ўзи турди. Ҳамширалар даладан қайтарилди, аммо оғзи бўш ҳамширанинг ҳам танобини тортишди-да»​,  дейди яна бошқа шифокор.

Маълумот учун, Абдураҳмон Поёнов бошчилигидаги Шўрчи туман Тиббиёт бирлашмасининг туғуруқ бўлими​да 189 нафар ходим, 17 нафар шифокор ишлайди. Улардан сўралаётган темир-терсак муассаса ошхонасининг ёнида жойлашган омборда қабул қилинаётгани маълум қилинди.​

Мавзу
Kun.uz суриштируви
Kun.uz халқ мурожаатлари асосида жойларда бўлиб, муаммоларни ўрганмоқда ва холисона ёритмоқда.
Барчаси
Top