08:19 / 02.05.2018
10082

Ҳаво ифлосланиши туфайли ҳар йили қанча одам вафот этаётгани айтилди

Фото: Валерий Шарифулин/ТАСС

Дунёда ҳар йили етти миллион инсон ҳавонинг ифлосланиши туфайли пайдо бўлган касалликлардан вафот этади. Бундай маълумотлар Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) томонидан эълон қилинди.

Унда таъкидланишича, “ифлосланиш даражаси дунёнинг кўплаб қисмларида жуда хавфли кўрсаткичда турибди”. “ЖССТнинг янги маълумотлари шуни кўрсатмоқдаки, ўн кишидан тўққиз нафари ифлос моддаларга юқори тўйинган ҳаводан нафас олмоқда, ҳамда, сўнгги маълумотларга кўра, ҳар йили 7 млн инсон атмосфера ҳавоси ва хоналар ичидаги ҳаво ифлосланиши туфайли вафот этмоқда”, - дея таъкидланади ташкилот хабарномасида.

Бундай ўлим ҳолатларининг 90 фоиздан ортиғи аҳоли жон бошига паст ёки ўртача даромадга эга давлатлар ҳиссасига тўғри келади, асосан Осиё ва Африкада. ЖССТ бош директори Тедрос Аданом Гебрейесус шундай деди: “Ҳаво ифлосланиши – барчамиз учун таҳдид, бироқ энг камбағал аҳоли биринчи бўлиб жабр кўради”.

ЖССТнинг кўрсатишича, жаҳон бўйлаб 40 фоиздан ортиқ инсон ёки тахминан 3 млрд киши “уйда таом тайёрлашнинг тоза технологияларидан” фойдалана олмайди. Шу билан бирга, ҳаво ифлосланиши экспертлар томонидан “жуда жиддий хатар омили” сифатида кўрилмоқда.

Top