Ўзбекистон | 19:38 / 08.05.2018
12583
2 дақиқада ўқилади

Лувр музейи бошчилигидаги Франция делегацияси Ўзбекистонга келмоқда

Фото: pixabay.com

9-11 май кунлари Ўзбекистонга Лувр музейи (Париж ш.) директори жаноб Жан-Люк Мартинес бошчилигидаги Франция делегацияси ташриф буюради. Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги ҳузуридаги Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси матбуот хизмати шу ҳақида хабар берди. 

Ташрифдан мақсад - Лувр музейида Ўзбекистон миллий кўргазмасининг ташкилотчилик масалаларини муҳокама қилиш. Хусусан, кўргазманинг асосий жиҳатлари, миллий экспозициянинг дастлабки таркиби, шунингдек музей менежменти соҳасида ўзаро манфаатли ҳамкорликни йўлга қўйиш масалалари муҳокама қилинади. Ўзбекистондаги музейлар сервиси, реставрацияси, кадрлар малакасини ошириш, музей стандартлари даражасини ошириш шулар жумласидандир.

Франция делегацияси таркибида Ўзбекистонга шунингдек Лувр музейи ходимлари - ислом санъати бўлими директори Янник Линц хоним, халқаро муносабатлар бўлими раҳбари жаноб Альберто Виал, ислом санъати бўлими археологи ва Бухариг-н воҳасидаги француз-ўзбек археологик миссияси ҳамраҳбари Рокко Ранте ҳам ташриф буюришади.

Ташриф доирасида Франция делегациясининг Олий Мажлис Сенати, Маданият вазирлиги, шунингдек Ўзбекистон мусулмонлар идораси вакиллари билан учрашувлари режалаштирилган.

Бундан ташқари, Лувр музейи директори жаноб Мартинес Самарқанд шаҳридаги "Афросиёб" музейи, шунингдек Тошкент шаҳридаги Темурийлар тарихи давлат музейи, Тасвирий санъат музейи ва Тарих музейига бориши кутилмоқда.

 

Мавзуга оид