20:00 / 10.05.2018
23757

Фото: Мирзо Бобур қурдирган масжидлар

Таниқли тадқиқотчи олим Кетрин Эшернинг фикрига кўра, Заҳириддин Муҳаммад Бобур Ҳиндистондаги қисқа муддатли ҳукмронлиги даврида Темурийлар даври қурилиш услубини Ҳиндистон меъморчилигига олиб киришга муваффақ бўлган.

Олим яна шундай маълумот беради: «Бизнинг кунгача учта масжид сақланиб қолган. Панипатдаги «Қобулий боғ» ва яна бошқа икки масжид: улардан бири Самбҳалда, иккинчиси Аёдҳияда қад кўтарган. Уларнинг барпо бўлишида Бобурнинг ўзи ва ақориблари бевосита раҳнамолик қилишган».

Тошкент Архитектура-қурилиш институти доценти Нафиса Гилманова ўз илмий тадқиқотлари натижаси бўлган айрим маълумотларни тақдим этди.

Унинг айтишича, Панипатдаги «Қобулий боғ» масжиди Ҳарияна штатида жойлашган бўлиб, ушбу масжид қурилиши 1528 йилда тугалланган. Масжиднинг марказий қисмида қиблага қаратиб қурилган пештоқ қад кўтариб турибди. Масжид меҳроби тошдан терилган, иншоотнинг қолган деворлари ғиштдан тикланган бўлиб, сирти сувоқланган.

Оқ-қора мармарга битилган Қуръон оятлари ёзуви 1527-1528 йилларга мансуб. Қурилиш чоғида ҳинд усталари айрим маҳаллий меъморий услубларни ишлатганларига қарамай, «Қобулий боғ» масжидининг умумий меъморчилиги Самарқанддаги «Бибихоним» меъморий мажмуасига яқин.

Фото: «Қобулий боғ» масжиди
Фото: «Қобулий боғ» масжиди
Фото: «Қобулий боғ» масжиди

«Самбҳал» масжиди эса шу номли воҳада Деҳлидан 140 км узоқлиқда жойлашган. Ўша даврга оид ҳинд миниатюраларидан бирида Бобур от минган ҳолда «Самбҳал» масжидини эслатувчи минора қаршисида тасвирланган.

Фото: «Самбҳал» масжиди

Рам Натҳнинг гувоҳлик беришича, иншоотдаги уч ёзувдан биттасида қуйидаги жумлага дуч келиш мумкин: «Бобур фармони билан бу масжид қурилиши унинг ақориби Мир Ҳиндубек томонидан 933 (1526) йилда бошланди».

Бизгача сақланиб қолган Мирзо Бобур масжидларидан учинчиси 1527-1529 йилларда Файзобод ноҳиясида Аёдҳия қишлоғида, Гҳагаҳра дарёси соҳилида Бобурнинг аъёнларидан бири Мир Боқий Тошкандий томонидан тикланган. Марказий қуббадаги ёзув таржимасига таянган ҳолда (таржимон Мавлявий Ашраф Ҳусайн) Рам Натҳ таъкидлайдики, «...мамлакат ҳукмдори Бобур ушбу масжид тикланишида шахсан раҳбарлик қилди».

Бугунги кунда ҳам фаолият юритаётган ушбу масжидлар шоҳ ва шоир бобомиздан мерос ноёб ёдгорликлардир.

Top