Агра шаҳрида жойлашган Тож Маҳални кўришни жуда кўпчилик орзу қилади. Ҳиндистонга ташриф буюрган турли давлат раҳбарларининг аксарияти албатта Тож Маҳалга борган.

Обида олдидаги ўриндиққа ўтириб кимлар расм тушмаган дейсиз?! АҚШнинг собиқ президенти Доналд Трамп, ўлимидан сал аввал Малика Диана, унинг ўғли шаҳзода Уилям ва рафиқаси Кейт, Facebook асосчиси Марк Цукерберг, Владимир Путин ҳамда унинг собиқ рафиқаси Людмила, Покистон собиқ бош вазири Парвез Мушарраф, Ўзбекистоннинг биринчи президенти Ислом Каримов, АҚШ президентлари орасида биринчи бўлиб Ҳиндистонга ташриф буюрган Дуайт Эйзенхауэр кабилар Тож Маҳални бориб кўришган.

1966 йилда одамлар ҳали селфи сўзи нимани англатишини билмайдиган замонларда афсонавий “The Beatles” гуруҳи мусиқачиси Жорж Ҳаррисон Тож Маҳал олдида селфи тушган эди.

Шунингдек, Тож Маҳалга Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ҳам рафиқаси Зироат Мирзиёева билан борган ва суратга тушган.

Хўш, Тож Маҳал нимаси билан одамларни бунчалик ўзига ром этади?

Кўриниши ва архитектураси билан. Ҳа, ҳа, ишонаверинг, дунёда бундай ноёб обида бошқа йўқ. Шу сабабли ҳам у дунёнинг етти мўъжизаси рўйхатига киритилган.

Тож Маҳалнинг қурилиш тарихи 17-асрга бориб тақалади. Уни Бобурийлар сулоласи вакили Шоҳ Жаҳон 1631-1652 йиллар оралиғида севимли рафиқаси Мумтоз Маҳал шарафига қурдирган.

Тарихий манбаларга кўра, 1612 йилда асли исми Хуррам бўлган Шоҳ Жаҳон Мумтоз Маҳалга уйланганда 20 ёшда, қиз эса 19 ёшда бўлган.

1631 йилда Мумтоз Маҳал ўзининг ўн тўртинчи фарзандини дунёга келтираётиб, вафот этади. Шундан сўнг Шоҳ Жаҳон Агра шаҳри яқинида, Жамна дарёси бўйида мақбара қурдиришга қарор қилади.

Мақбара лойиҳаси Усто Аҳмад Лаҳори ва турк меъмори Муҳаммад Исохон афанди бошчилигида тайёрланади.

Мақбара мурабба тарҳли, 3 қаватли, 5 гумбазли қилиб, мармар супа устига қурилган. Унинг тўрт бурчагида 45 метр баландликдаги минора барпо этилган. Гумбаз шифтининг баландлиги 56,7 ташкил этади, гумбазнинг ўзи эса 74 метр баландликкача чўзилган.

Мақбара қурилиши 20 йилдан ошиқроқ давом этган ва унда 20 мингдан ошиқ одам, мингдан ошиқ фил қатнашган. Обидага қарийб 30 хил қимматбаҳо тошлар ишлатилган. Инглизлар Ҳиндистонни эгаллаганида уларни талон-торож қилишган.