Жамият | 00:37 / 13.05.2018
48855
2 дақиқада ўқилади

Тошкентда автобуснинг ариққа қулашига сабабчи бўлган Nexia қидирилмоқда

12 май куни соат 14:52да Тошкентнинг Яшнобод туманида салонида 20 нафар йўловчиси бўлган 119-сонли Isuzu автобуси иштирокида йўл транспорт ҳодисаси содир бўлди. 

Gazeta.uz’нинг маълум қилишича, Оҳангарон кўчаси бўйлаб Қўйлиқ 1-мавзеси томонга ҳаракатланиб кетаётган автобус (давлат рақами 01 023 EDA) олдидан фил суяги рангидаги Nexia автомобили кескин ўнгга бурилиши оқибатида Isuzu ҳайдовчиси бошқарувни йўқотиб, машина Толариқ ариғига тушиб кетган.

Фото: Тошшаҳартрасхизмат

Бу пайтда автобуснинг тезлиги 27 км/соатни ташкил этган. Воқеа сабабчиси бўлган Nexia ҳайдовчиси машинасида ҳодиса жойидан яширинган.

«Тошшаҳартрансхизмат»да хабар қилинишича, воқеа натижасида йўловчилардан ҳеч ким жабрланмаган, бироқ автобус ҳайдовчи — Абдурашид Қўзибоев (1981 й. т.) жароҳатланган. Унга бош мия чайқалиши ташхиси билан Республика неврология марказида амбулатор даволаш ёрдами кўрсатилди.

Фото: Тошшаҳартрасхизмат

Ҳозирда Тошкент ИИББ ЙҲҲБ томонидан ушбу Nexia автомобили қидирилмоқда. Мазкур воқеага гувоҳ бўлганлардан «Тошшаҳартрансхизмат» ҳаракат хавфсизлиги бўлими ходимларига (+99899 848−69−99) ёки ИИББ ЙҲҲБга (230−94−52) хабар бериш сўралди.

 

Мавзуга оид