Жаҳон | 23:59 / 16.05.2018
7196
2 дақиқада ўқилади

Бокуда халқаро савдо порти очилди

Фото:President.az

Озарбойжон пойтахти Бокуда халқаро денгиз савдо порти мажмуаси очилди. Алат посёлкасидаги портнинг очилиши маросимида Озарбойжон президенти Илҳом Алиев иштирок этди. 

Мажмуа қурилиши 2010 йил ноябрида бошланган, 2014 йил сентябрда эса портдаги иншоотлардан бири – паром терминали фойдаланишга топширилган. 2018 йил январда эса Ro-Ro терминали очилган.

Порт 117 гектар майдонни қамраб олади ва 12 та причалдан иборат. Портнинг юк ўтказиш қобилияти йилига 15 млн тоннани, жумладан 100 минг контейнерни ташкил қилади. 

Лойиҳа доирасида портнинг операцион бинолари, юк майдонлари ва омборлар, чегара ва божхона хизматлари пунктлари, умумий ҳисобда 72 та бино ва иншоот қурилган.

Портнинг контейнер майдончасида бир вақтда 1040 контейнерни жойлаштириш учун ва 64 та музлатгич контейнерига хизмат кўрсатиш учун инфратузилма яратилган. 

Алиев янги Боку порти Озарбойжоннинг транспорт салоҳиятини мустаҳкамлашда муҳим аҳамият касб этишига ишонч билдирган.

“Порт қурилиши ҳақидаги қарор бир неча йил аввал мен томондан қабул қилинган. Мен Озарбойжоннинг катта, транспорт, транзит салоҳияти борлигини, давлатимиз жадал ривожланишини билардим. Бу қарорнинг қабул қилиниши сиёсатимиз узоқни кўзловчи, ҳар томонлама пухта эканлигини кўрсатади”, деб айтган Алиев. 

Мавзуга оид