Жамият | 23:56 / 16.05.2018
504235
5 дақиқада ўқилади

Рўза тутиш қоидаларини биласизми?

Муқаддас Рамазон ойи ҳам кириб келди. Бу ой ўзи билан тинчлик-омонлик, қут-барака, файз ва гўзаллик олиб келади. Рамазон рўзасини тутишнинг ҳам бир қанча қоидалари борки, уни адо этиш баробарида савоб ва яхшилик олинса, иккинчидан Муқаддас ойнинг ҳурмати ҳам жойига қўйилади.

Саҳарлик

Рўза луғатда – “сиём” деб аталиб, ўзини бир нарсадан тийишни билдиради. Шариат истилоҳида эса: “Тонг отгандан то қуёш ботгунича ният билан рўзани бузувчи нарсалардан ўзини тийишдир”. Яъни, киши саҳарлик вақтидан то шом вақтига қадар емай, ичмай, жуфти ҳалоли билан жинсий алоқа қилмай туради.

Фото: Shutterstock

Субҳи содиқ кириши билан саҳарлик вақти тугаб, рўза вақти бошланади. Иккисининг ўртасини ажратиб турадиган учинчи бир вақт йўқ. Саҳарлик ўз вақтида бўлгани афзал. Лекин субҳи содиқ кирган-кирмагани борасида иккиланадиган даражада кечиктириш макруҳ. Рўза тутиш ниятсиз бўлмайди, албатта, ният қилиниб, саҳарлик дуоси ўқилиши лозим.

Оғиз ёпиш дуоси қуйидагича: “Навайту ан асума совма шаҳри рамазона минал фажри илал мағриби, холисан лиллаҳи таъала. Аллоҳу акбар”.

 

Ифторлик ва таровеҳ

Ифторлик ҳам, албатта, ният ва дуо ила қилинади. Ифторлик (оғиз очиш) дуоси: “Аллоҳумма лака сумту ва бика аманту ва аълайка таваккалту ва аъла ризқика афтарту, фағфирли йа ғоффарума қоддамту ва ма аххорту бироҳматика йа арҳамар роҳимийн, Аллоҳу акбар”.

Фото: Muxlis.uz

Ана шу дуо ила рўзадор оғзини очади, ҳалол таомлар билан таомланади. Овқатланишда шошма-шошарликка йўл қўйилмайди. Чунки бу ҳолат мўмин одобига тўғри келмаслиги билан бирга саломатликка ҳам зарарлидир. Шундан сўнг таровеҳ намозига чиқилади.

Рўзадорнинг одоблари

Ким рўза тутиб, Аллоҳнинг ибодатини амалга оширса, у ўзини бошқаларга ўрнак бўлиши учун ҳам одобли, босиқ ва хушмуомала тутиши лозим. Рўзадорнинг тилидан ҳар хил кераксиз гаплар чиқмаслиги, рўза тутган киши ғийбат, чақимчилик каби ишлардан узоқ бўлиши, ҳақоратли гап-сўзларни, умуман, гапирмаслиги лозим. Ўзга рўзадорларни ҳам ҳурмат қилиши, уларга ширин сўзлаши, мушкулларини осон қилиб бериши керак.

Фото: Muxlis.uz

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Рўза ва Қуръон қиёмат кунида банда учун шафоат сўрайдилар. Рўза: «Роббим, мен уни таом ва майлликлардан тўсдим, менинг у ҳақидаги шафоатимни қабул қил!», дейди. Қуръон: «Мен уни тунлари уйқудан тўсдим, менинг у ҳақидаги шафоатимни қабул қил!», дейди. Шундан сўнг уларнинг шафоатлари қабул қилинади» (Имом Аҳмад ривояти).

 

Рамазон ойида рўза тутмаслик оқибати

Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу деди: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Исломнинг асоси ва диннинг пойдевори учта бўлиб, улар устига Ислом тикланган. (Улар): «Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ» деб гувоҳлик бериш, фарз қилинган намозлар ва Рамазон ойининг рўзаси» (Абу Яъло, Дайламий ва имом Захабий ривоятлари).

Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳу деди: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Рамазоннинг бир кунида Аллоҳ изн бермаган рухсатсиз (қасддан) рўза тутмаган одам ҳаёти давомида рўза тутса-да, қазо ўрнига ўтмас» (Имом Абу Довуд, Имом ибн Можжа, имом Термизий ривоятлари).

Фото: Muxlis.uz

Рўзадор унутиб бирон нарсани еб-ичса, рўзаси бузилмайди, балки Аллоҳнинг меҳмони бўлади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Рўзадорлигини унутиб еган ёки ичган одам, рўзасини етказсин. Чунки уни Аллоҳ едириб, ичиргандир» (Имом Муслим ривояти). Аммо рўзани қасддан очиш гуноҳ ҳисобланади.

Умуман олганда, Рамазонни муносиб ўтказиш, унинг одобларига, қоидаларига риоя этиш ҳар бир мўмин-мусулмоннинг фарзидир. Рамазон рўзасини бесабаб қолдириш ва уни тутмаслик кишини гуноҳкор этади. Ҳаётидан барака кўтарилади. Чунки Рамазоннинг ҳар бир дақиқасида барака яширинган.

KUN.UZ таҳририяти жамоаси Ўзбекистон аҳлини, барча мўмин-мусулмонларни муқаддас Рамазон ойи билан қутлайди. Бу ойни муносиб ўтказишни ва амалларимизни Аллоҳ даргоҳида қабул қилиб, ўйлаган барча эзгу ниятларнинг рўёбини Яратгандан сўраб қолади.

Мавзуга оид