02:28 / 16.05.2018
88345

Шавкат Мирзиёев АҚШ пойтахтига етиб борди

Ўзбекистон Республикаси президенти Шавкат Мирзиёевнинг АҚШга расмий ташрифи бошланди. Президент самолёти Вашингтондаги «Эндрюс» аэропортига қўнди. Шавкат Мирзиёевни АҚШ Давлат департаменти раҳбарияти ва бошқа расмий шахслар кутиб олди.

Фото: Президент матбуот хизмати
Фото: Президент матбуот хизмати

Президент матбуот хизмати тарқатган расмий маълумотларга кўра, Шавкат Мирзиёев 16 май куни Оқ уйда АҚШ Президенти Дональд Трамп билан учрашади. Музокаралар аввал тор доирада, кейин кенг доирада бўлиб ўтади. Кенг доирадаги музокараларда Ўзбекистон ва АҚШ расмий делегацияси вакиллари иштирок этади, сиёсий, савдо-иқтисодий, инвестициявий ва бошқа соҳалардаги ҳамкорликни ривожлантириш масалалари муҳокама қилинади.

16 май куни кечқурун Ўзбекистон томонидан расмий қабул маросими ўтказилади. Унда АҚШ маъмурияти раҳбарияти, вазирлик ва идоралар, йирик компания ва корпорациялар раҳбарлари иштирок этади.

Президент 17 май куни Пентагонга ташриф буюриб, АҚШ мудофаа вазири билан музокара ўтказади. Капитолийда Конгрессменлар ва сенаторлар билан учрашиб, мамлакатларимиз ўртасидаги ҳамкорликни ҳар томонлама мустаҳкамлаш масалаларини муҳокама қилади.

Шавкат Мирзиёев Жаҳон банки Президенти билан ҳам учрашиб, мамлакатимиз иқтисодиётига инвестиция жалб этиш бўйича музокара олиб боради.

Фото: Президент матбуот хизмати
Фото: Президент матбуот хизмати

 

Top