Жамият | 01:19 / 16.05.2018
32660
2 дақиқада ўқилади

Telegram'да дугоналарининг суратларини тарқатган қиз жазоланди

Фото: Reuters

Жорий йилнинг 19 апрель куни жиноят ишлари бўйича Сурхондарё вилоят Қизириқ туман судида судя Б.Мадаминов бошчилигида С. исмли шахсга нисбатан (жинси аёл) жиноий иш кўрилди.

Судланувчи С. исмли шахс ўзига тегишли бўлган “Samsung Galaxy A3” русумли уяли телефон аппаратидан бир неча рақамлар орқали “Telegram” мессенжерида рўйхатдан ўтган.

Танишларининг фотосуратларига уятли сўзларни ёзиб (улар фоҳишабозлик билан шуғулланиши ва пул эвазига жинсий алоқага киришиши), уларни “Telegram” мессенжеридаги “Qiziriq City” номли гуруҳга жойлаштирган. Қизларнинг шаънини таҳқирлайдиган уйдирмаларни тарқатган. 

Бундан ташқари ўзининг номига расмийлаштирилган телефон рақами орқали 2018 йил январь ойида интернет тармоғидаги “Telegram” мессенжерида “…….” номли тахаллус билан рўйхатдан ўтиб, дугоналарининг фотосуратларига уятли сўзлар ёзган. Мазкур фотосуратларни “Telegram” мессенжеридаги “Qiziriq City” номли гуруҳга жойлаштирган. Фотосуратларнинг пастки қисмига “Ким улар билан жинсий алоқада бўлса, СПИД (ОИТС) бўлади, улар билан фақат ғайритабиий усулда жинсий алоқа қилиш керак” деган мазмунда сўзлар ёзиб, уларнинг шаъни ҳамда қадр-қимматини беодоблик билан таҳқирлаган.

Суд С.исмли шахсни Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 139-моддасига кўра, туҳмат қилиш ҳамда 140-моддасига кўра, ҳақорат қилиш жиноятларини содир этганликда айбдор деб топди.

Судланувчига нисбатан иш ҳақининг 20 фоиз миқдори давлат даромади ҳисобига ушлаб қолиш шарти билан 2 (икки) йил муддатга ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланди.

Жабрланувчиларга етказилган зарарни ундириш юзасидан фуқаролик судига мурожаат қилиш ҳуқуқи борлиги уқтирилди.

Ҳукмдан норози тарафларга тегишли муддатларда апелляция ёки кассация тартибида юқори турувчи судга шикоят қилиш ёки протест билдириш ҳуқуқи мавжудлиги тушунтирилди.

Мавзуга оид