Ўзбекистон | 14:40 / 17.05.2018
4121
3 дақиқада ўқилади

Ижтимоий тармоқлар ҳуқуқий тарғибот учун майдончага айланади

Фото: iStock

Адлия вазирининг буйруғи билан Норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ижрочиларга етказиш ҳамда уларнинг моҳияти ва аҳамиятини аҳоли ўртасида тушунтириш бўйича намунавий «Йўл харитаси» тасдиқланди. Бу ҳақда Norma ёзмоқда
 
Эслатиб ўтамиз, «Ҳуқуқий ахборотни тарқатиш ва ундан фойдаланишни таъминлаш тўғрисида»ги Қонунга мувофиқ Адлия вазирлиги ушбу соҳада махсус ваколатли давлат органи ҳисобланади.
 
Адлия органлари ва муассасалари фаолиятини янада такомиллаштириш ва самарадорлигини таъминлаш бўйича комплекс чора-тадбирларда вазирликка бошқа давлат органлари норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ижрочиларга етказишлари, шунингдек уларнинг моҳияти ва аҳамиятини аҳоли ўртасида тушунтиришлари учун намунавий «йўл харитаси»ни ишлаб чиқиш топширилган эди.   
 
Қабул қилинган ҳужжат илгари амал қилган худди шундай чора-тадбирлар намунавий режасидан асосан қуйидаги жиҳатлари билан фарқланади.
 
Биринчидан, «йўл харитаси» янада батафсил тус олган. Ҳатто тайёрланган ҳуқуқий тарғибот материаллари жойлаштириладиган давлат органларининг расмий саҳифалари бўлган ижтимоий тармоқлар: Facebook, Twitter, YouTube, Odnoklassniki, MyTube ва бошқалар назарда тутилган.
 
Иккинчидан, ўтказиладиган тадбирлар рўйхати 13 тадан 9 тагача қисқартирилган. Бунга уларнинг айримларини бирлаштириш ва баъзиларини чиқариб ташлаш ҳисобига эришилган.
 
Масалан, энди норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг мақсади, мазмун-моҳиятини аҳолига етказиш бўйича конференция, семинар, давра суҳбатларининг Концепцияси, дастури ва календарь режасини тайёрлаш ва тасдиқлаш талаб этилмайди. Бу қонун ҳужжатлари сони ошганини ҳисобга олса, мантиқан тўғри иш. Бунинг ўрнига манзилли тадбирларни ҳақиқатан зарур бўлган шахслар учун ўтказувчи республика ва ҳудудий тарғибот гуруҳларини шакллантириш ва уларнинг ишини ташкил қилишга урғу берилмоқда.  
 
Учинчидан, норматив-ҳуқуқий ҳужжатнинг аҳамиятига қараб тарғибот материаллари тўплами – маърузалар матнлари, тақдимотлар, инфографика ва бошқалар тайёрланади. Тўплам таркибий бўлинмалар ва идорага қарашли ташкилотларга етказиб берилади.
 
Тўртинчидан, энди давлат органлари сайтларида норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг фақат назорат экземплярлари жойлаштирилиши ва бўлиши шарт. Яъни уларда ҳужжатга киритилган барча ўзгартириш ва қўшимчалар акс этган бўлиши зарур.
 
Ҳужжат 14.05.2018 йилдан кучга кирди. 

Мавзуга оид