Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Совға ортидаги қопқон: тармоқларда янги йил байрами билан боғлиқ зарарли ҳаволалар пайдо бўлмоқда
“Етказиб бериш хизмати” номидан юборилган хабарда янги йил байрами совғасини олиш учун “юк хати”ни юклаб, очиш талаб қилинади. Буни бажариш эса шахсий маълумотларни, телефон бошқаруви ёки банк картадаги маблағларни бир лаҳзада фирибгарга қўшқўллаб тутқазишдай гап. Ҳатто байрам табриги кўринишидаги оддий GIF-файллар ортида ҳам фирибгарлар турган бўлиши мумкин.
Онлайн фирибгарлик турлари тобора замонавийлашиб, мураккаблашиб бормоқда. Айниқса, фирибгарлар турли байрамлар ёки эътиборга молик бирор воқелик ва янгиликдан унумли фойдаланиб қолишга уриниш ҳолатлари кўпаймоқда.
ИИВ Киберхавфсизлик марказининг Kun.uz’га маълум қилишича, шу кунларда зарарли файллар ижтимоий тармоқ фойдаланувчиларига янги йил байрами билан боғлиқ турли усул ва кўринишларда юборилмоқда. Оддий сурат ёки табрик кўринишидаги GIF-файлларни очиш орқали фирибгарлар тузоғига илиниб қолаётганлар ҳам бор.
Ҳозирда фирибгарларнинг асосий қуроли инсон эмоциялари билан манипуляция қилишдир. Ҳамкасб, қариндош ёки дўстлардан табрик олишни кутиш одамнинг ҳушёрлигини пасайтиради. Бундан фойдаланган фирибгарлар Янги йил совғаси ёки табриги кўринишида турли зарарли ҳаволаларни яратиб, Telegram орқали тарқатишмоқда. Уни очган фойдаланувчи шу заҳоти шахсий маълумотлари ва банк пластик картасидаги пулидан айрилиши мумкин.
Эндиликда гап фақат “apk.” ҳамда “exe” файллари ҳақида эмас. Тармоқ фойдаланувчилари интерактив табрикка ўхшатилган, фишинг сайтга олиб борувчи ҳавола олиши мумкин. Ёки гўёки “юкланмаяпти” деб кўрсатиладиган GIF-файл юборилиб, уни кўриш учун янгилаш, яъни “обновления” таклиф этилади.
Оммалашаётган яна бир сценарий “етказиб бериш хизмати” билан боғлиқ. Шу турдаги хизмат номидан хат юборилади. Унда “янги йил совғасини” олиш учун илова қилинган файл – “юк хати”ни юклаб олиб, очиш талаб қилинади. Бу амалларни бажарганлар эса қопқонга тушади.
Байрам табриклари алмашинуви авжида бўлган шу кунларда фирибгарлар қурбонига айланмаслик учун қуйидаги оддий қоидаларга амал қилиш тавсия этилади:
- ҳар доим манбага эътибор беринг: жўнатувчини танийсизми, ундан ҳавола ёки файл юборилишини кутганмидингиз? Агар йўқ бўлса, иловани очманг;
- файл форматига қаранг. Ҳатто расм ёки видео сифатида ниқобланган файллар ҳам хавфли бўлиши мумкин. Медиа учун хавфсиз форматлар – .jpg, .png, .gif, .mp4, .webm. .exe, .scr, .bat, .msi. Ичида зарарли дастурлар бўлиши мумкин бўлган .zip ва .rar архивларидан ҳам эҳтиёт бўлинг;
- ҳаволалар учун “етти марта текшир” қоидасига амал қилинг. Агар қисқа ёки шубҳали ҳавола орқали ўтиш таклиф қилинса, уни босманг.
Бундан ташқари, озиқ-овқат маҳсулотлари, янги йил арчаси, ўйинчоқлар ҳамда бошқа турли буюмларни арзон нархларда сотиш тўғрисидаги эълонлардан эҳтиёт бўлиш зарур. Чунки онлайн харидлар учун олдиндан пул талаб қилиш орқали ҳам кўплаб фуқаролар чув туширилмоқда. Шу сабабли онлайн харидларни амалга оширганда пулни асло олдиндан тўлаб берманг.
Мавзуга оид
11:47 / 12.05.2024
20 ёшли йигит Телеграмдан сохта ҳавола жўнатиб бировнинг 11,7 млн сўм пулини ўзлаштирди
10:05 / 16.07.2019
Ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари ўзларини FaceApp ёрдамида «кексайтиришни» бошладилар
13:23 / 27.08.2018
Депутат: Ижтимоий тармоқларда жойлаштирилган ҳар бир маълумот депутатлик назоратида
14:40 / 17.05.2018