Жаҳон | 09:41
369
2 дақиқада ўқилади

Лондон болалар учун ижтимоий тармоқларни тақиқлаш имконини кўриб чиқмоқда

Британия вазирлари Австралияга бориб, у ерда вояга етмаганлар учун ижтимоий тармоқларни тақиқлаш тажрибаси билан танишишни режалаштирмоқда. Лондон, шунингдек, мактабларда мобил телефонлардан фойдаланиш қоидаларини ҳам қатъийлаштирмоқчи.

Фото: Getty Imagеs

Интернетда болаларни яхшироқ ҳимоя қилиш мақсадида Буюк Британия ҳукумати турли чора-тадбирларни кўриб чиқмоқда. Улар орасида — Австралия яқинда қилганидек, вояга етмаганлар учун ижтимоий тармоқларни тақиқлаш эҳтимоли ҳам бор. Шунингдек, ўрганилаётган имкониятлар қаторида мактабларда мобил телефонлардан фойдаланиш бўйича янада қатъий тавсияларни жорий этиш масаласи ҳам мавжуд. Бу ҳақда Лондондаги ҳукумат душанба, 19 январ куни маълум қилди.

Илм-фан, инновациялар ва технологиялар вазири Лиз Кендаллнинг айтишича, мавжуд қонунлар ҳеч қачон бу соҳани тартибга солишда “охирги сўз” деб қаралмаган. “Шунинг учун ҳам мен қўшимча чоралар кўришга тайёрман”, — деди у.

Канберранинг тажрибасини ўрганиш ва ўзлаштириш учун Британия ҳукумати вазирларни Австралияга юборишни режалаштиряпти. Австралия бир ой аввал дунёда биринчи бўлиб 16 ёшгача бўлган болалар учун ижтимоий тармоқларни тақиқлаган давлатга айланган эди.

Смартфонлар ва ижтимоий тармоқларга ҳаддан ташқари берилганлик болаларнинг руҳий саломатлигига салбий таъсир кўрсатиши мумкинлиги ҳақидаги хавотирлар бошқа мамлакатларда ҳам бор. Масалан, ўтган ҳафта Дания 15 ёшгача бўлган болаларга ижтимоий тармоқлардан фойдаланишни тақиқлаш режаларини эълон қилди. Европа даражасида эса Европа комиссияси яқинда YouTube ва Snapchat каби платформалар вояга етмаганларни ҳимоя қилиш бўйича Рақамли хизматлар тўғрисидаги қонун (DSA) талабларига мос келиши-келмаслигини текширишини маълум қилди.

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид