Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Остонада Ақтўбе қурбонлари хотирасига атаб 52та дарахт кўчати ўтқазилди
Остонада Ўзбекистоннинг Қозоғистондаги элчихонаси ва «Олтин Ўрда» бизнес-клуби вакиллари автобусдаги ёнғинда ҳалок бўлган ўзбекистонликлар хотирасига бағишлаб 52та дарахт кўчатини ўтқазди. Бу ҳақда «Казинформ» хабар бермоқда.
«Фожиали воқеа куни Қозоғистон ҳукумати ва бутун халқи ёрдам берди. Қозоғистоннинг тегишли идоралари барча зарур чораларни кўрдилар. Бугунги тадбир икки мамлакат ўртасидаги дўстликнинг намоёнидир. Биз бу ҳақда ҳалок бўлганларнинг оилаларига айтиб беришимиз керак», - деди Ўзбекистоннинг Қозоғистондаги элчиси Саидикром Ниёзхўжаев.
Элчи қўшни давлатлар ўртасидаги алоқаларнинг жадал ривожланиб бораётганини таъкидлади.
«Мамлакатларимиз ўртасида стратегик муносабатларнинг янги саҳифаси очилди. Бу йил Қозоғистонда Ўзбекистон йили, деб эълон қилинган, 2019 йилда эса – Ўзбекистонда Қозоғистон йили бўлади. Икки томонлама муносабатларда бир қатор тадбирлар режалаштирилган. Келгуси ҳафта биз халқаро форумда ва бизнес учрашувида қатнашамиз. Икки мамлакат ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми изчил ўсиб бормоқда. Бугунги маросим гуманитар соҳадаги ҳамкорликнинг белгиси», - дея қўшимча қилди у.
Бизнес-клуб раиси Мархабат Балгабай Қозоғистон халқи ўзбек халқининг қайғуси билан бирдамлигини таъкидлади.
«Ўзбекистон мамлакатимизнинг Марказий Осиёдаги муҳим стратегик ҳамкори саналади. Бу йил биз биродар Ўзбекистон билан ҳамкорлигимизни мустаҳкамламоқдамиз. Биз 52 киши ҳалок бўлган фожиали воқеага эътиборсизлик билан қарай олмаймиз, ҳамда ўзбек халқининг қайғусига шерик бўлишимиз керак, деб ҳисоблаймиз», - дея айтиб ўтди у.
18 январь куни Қозоғистонда йўловчи автобуси ёниб кетиши оқибатида 52 киши ҳалок бўлди. Улар Ўзбекистон фуқаролари эди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ақтўбеда Ўзбекистоннинг 52 фуқароси ҳалок бўлган автобус ҳайдовчиларига қамоқ муддати узайтирилганди.