Жамият | 11:50 / 19.05.2018
37780
3 дақиқада ўқилади

Рамазонда қариндош-уруғлар ўртасидаги араз ва адоват унутилиши лозим

KUN.UZ таҳририяти томонидан Рамазон ойида бериб борилаётган “Ислом нури” туркумига оид кўрсатувларнинг бугунги суҳбати “Рамазонда силаи раҳм” мавзуси ҳақида. Суҳбатдошимиз Камолиддин Ориф ал-Бухорий жоме масжиди диний ходими Қобил қори Одилжон ўғли бўлди.

YouTube'да кўриш

Tas-IX'да кўриш

- Рамазон ойи покланиш, ғуборларни кетгазиш ойи. Халқнинг хизматида бўламиз, ифторликларда қатнашамиз. Бу тадбирда қатнашадиган юзлаб жамоат бор. Етти ёт бегоналар келишади, дастурхонда ўтиришади, аммо назар солиб турган бўлсам, ўша тадбирларда мезбоннинг туғишган акаси ёки опаси ёки жигарларидан бирорта одамни кўрмаймиз. Мен сўнгги пайтларда бу ҳолатни кўп кузатяпман. Нега деган саволга жавоб берадиган бўлсак, буларнинг ўртасида ихтилоф ўтиб қолганлигининг, араз борлигининг, гина-адоватда эканликларининг сабабидандир. Бу – ачинарли ҳолат.

Шунинг учун Рамазон ойида савобга эга бўлайлик, рўзадорларнинг оғзини очтирайлик ва улкан яхшиликларга қўл урайлик, деб савоб умидида дастурхон ёзамиз, лекин ўзимизнинг яқин жигарларимиз ўша ифторликларда кўринмайди. Силаи раҳмнинг сўнгги вақтларда узилиб қолаётганлиги, жигарларнинг ўртасида “қиёмат дийдор” бўлиб кетаётган ака-ука ва опа-сингилларнинг борлиги бу – ҳақиқат. 

Камолиддин Ориф ал-Бухорий жоме масжиди диний ходими
Қобил қори Одилжон ўғли

Силаи раҳм сўзининг луғатдаги маъноси, “сила” – боғланиш бўлса, “раҳм” бу қорин маъносини англатади. Умумий бир таъриф айтадиган бўлсак, қариндошлик туфайли бир-бирига уланганлар, бир-бирига боғланганлар маъносини англатади. Пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в) ҳузурларига бир аъробий туясида келди ва туясининг юганидан ушлаган ҳолда савол берди: “Эй Аллоҳнинг Расули, менга бир йўл кўрсатсангиз, у мени жаннатга яқинлаштирсин ва дўзахдан узоқлаштирсин”. Пайғамбаримиз унга: “Аллоҳга ширк келтирмагин, унгагина ибодат қилгин. Намозни ўз вақтида чиройли адо эт. Қодир бўлсанг закот бер. Ота-онангга, қариндош-уруғларингга силаи раҳм қилгин. Улар билан муносабатни йўлга қўйгин”, деб жавоб бердилар.

Пайғамбаримиз алайҳиссалом шундай деган эканлар: “Қариндошларинг кўксингдан итаришса, қўпол муомала қилишса ҳам силаи раҳмни давом эттиргин. Уларга ҳалим бўлгин. Уларнинг зиддига Аллоҳнинг ўзи кифоя қилади. Фаришталар атрофингни ўраб туришади. Қариндош-уруғлар муносабати сенга қанчалик ёмон бўлса ҳам, лекин сен яхшиликда давом этгин”.

Шу ҳолатдан ҳам кўриниб турибдики, Рамазон ойида умид билан рўза тутяпмиз, саҳарлигимиз борми, ифторлигимиз борми, хатму Қуръонларда соатлаб тик оёқларда турибмизми ва мана шу ибодатларимиз Аллоҳ ҳузурида қабул бўлсин, десак бир-биримизнинг ўртасиздаги адоватларни унутайлик, деди Қобил қори Одилжон ўғли.

Мақола Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмитанинг хулосаси асосида тайёрланди.

Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид