Ўзбекистон | 14:10 / 20.05.2018
51225
2 дақиқада ўқилади

Шавкат Мирзиёев Андижондаги ҳарбий қисмга ташриф буюрди

Ўзбекистон Республикаси Президенти, Қуролли Кучлар Олий Бош Қўмондони Шавкат Мирзиёев 20 май куни Шарқий ҳарбий округга қарашли ҳарбий қисмлардан бирига ташриф буюрди.

«Мамлакатимизнинг янги Мудофаа доктринасига мувофиқ бу ерда таркибий-ташкилий ўзгаришлар амалга оширилган. Озиқ-овқат билан таъминлаш бўйича аутсорсинг тизими жорий қилинган. Бу ҳарбий хизматчиларнинг бутун куч-ғайратини ўз профессионал малакасини оширишга қаратиш имконини бермоқда», дейилади президент матбуот хизмати хабарида.

Давлат раҳбари аскарларнинг қандай китоб ўқигани билан қизиққан.

«Ҳарбий хизматчиларнинг бир дақиқа вақтиям бекор ўтмаслиги керак. Жисмоний машғулотлар билан бирга ҳар куни ўқиши, чет тилини ўрганиши, дунёқарашини кенгайтириши зарур. Ватан ҳимоячиси деган номга ҳар куни муносиб бўлиш керак», деган Шавкат Мирзиёев.

Ҳарбий қисмда шахсий таркибнинг жанговар маҳоратини ошириши, спорт билан шуғулланиши учун барча шароит яратилган. Дам олиш кунларида бу ерда олимлар ва санъаткорлар билан учрашувлар ўтказилади, спектакллар намойиш этилади.

Шавкат Мирзиёев шу ерга тўпланган аскарлар, зиёлилар билан суҳбатлашган.

«Армияни моддий жиҳатдан таъминлаяпмиз, замонавий техника ва аслаҳалар билан қуроллантиряпмиз. Аммо шахсий таркибнинг маънавий-руҳий тайёргарлигига етарлича эътибор берилмаяпти. Жисмоний ва жанговар ҳолатни синовдан ўтказиш бўйича полигонлар, машғулотлар бор. Худди шундай, аскарлар маънавияти, руҳан бақувватлиги бўйича ҳам катта тайёргарлик бўлиши керак», деган президент.

Давлат раҳбари ҳарбий хизматчиларнинг маънавий-руҳий тайёргарлигини оширишга доир қарор ишлаб чиқиш бўйича топшириқ берган.

Мавзуга оид