Жаҳон | 08:09 / 21.05.2018
16309
2 дақиқада ўқилади

Америкалик сенатор КХДРга ҳарбий ҳаракатлар билан таҳдид қилди

Фото: Drew Angerer/Getty Images

Пхеньян АҚШ президенти Дональд Трампни музокаралар давомида алдашга уриниб кўрса, КХДР муаммосига ҳарбий ечим топиш ягона эҳтимолий вариантга айланади. Бу ҳақда республикачи сенатор Линдси Грэм Fox News телеканалига берган интервьюсида айтиб ўтди.

"Агарда улар [КХДР вакиллари] келишмаса [музокараларга] – бу дипломатия якунланганини англатади, агарда улар Трамп билан ўйин қилишга уринишса – бу ҳарбий можаро ягона эҳтимолий вариантга айланишини билдиради, ҳамда, агарда Шимолий Корея билан ҳарбий низо юз берадиган бўлса, биз эмас, балки улар мағлуб бўлади", - деди Грэм.

Сенаторнинг сўзларига кўра, Трамп унга КХДР муаммосини давлат раҳбари лавозимидаги ҳозирги муддати давомида ҳал қилиш истагида эканини айтган. "Президент Трамп менга уч кун аввал шуни айтдики, буни ҳар икки томонга ҳам зарар етказмаган ҳолда ҳал қилмоқчи", - дея таъкидлаб ўтди Грэм. Сенаторнинг кўрсатишича, президент бунинг "имкони бор", деб ҳисоблайди.

"Бироқ, агарда улар [КХДР вакиллари] бош тортишса [музокаралардан], агарда улар у билан [Трамп билан] ўйин қилишса, унда биз Шимолий Кореядан Америка учун келаётган таҳдидни йўққа чиқарамиз, ҳамда бу жуда ёқимсиз кўринишда содир бўлиши мумкин", - дея қайд этиб ўтган Грэм.

Сенаторнинг таъкидлашича, АҚШ КХДР етакчиси Ким Чен Инни тўнтариб ташлаш ёки бу давлатда демократияни ўрнатиш ниятида эмас. "Биз уларни ядро қуролини яратиш бўйича дастурдан воз кечишга мажбур қилмоқдамиз", - деди у.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ АҚШ бомбардимончилари КХДР туфайли ўз йўналишини ўзгартиргани хабар берилганди. 

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид