Ўзбекистон | 20:33 / 21.05.2018
4986
3 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон электрон савдони ривожлантиришда Openbucks кўмагига таяниши мумкин

Фото: AFP / DENIS CHARLET

«Электрон тижорат» соҳасида инновацион хизматлар учун дастурлар ишлаб чиқарувчи АҚШнинг Openbucks Corp. компанияси билан Ўзбекистонда электрон савдони ривожлантириш бўйича ўзаро англашув ва ҳамкорлик меморандуми имзоланди. Бу Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг АҚШга расмий ташрифи доирасида амалга оширилган.

Маълум қилинишича, имзоланган ҳужжат билан Ўзбекистонда электрон тижоратни ривожлантириш учун «йўл хариталари»ни  тайёрлаш ва ўзбек тадбиркорларининг глобал савдо платформаларига ҳамда электрон тўлов тизимларига киришини кенгайтириш режалаштирилган.

Ўзбекистоннинг Кремний водийсидаги элчиси этиб тайинланган Openbucks асосчиси Марк Рочман бундан икки ой аввал Ўзбекистонда «Электрон ҳукумат тизимини ривожлантириш маркази, UZINFOCOM ягона интегратори мутасаддилари билан музокаралар ўтказганди.

Мутахассис  яқин масофада контактсиз тўловларни амалга ошириш технологиясини ривожлантириш, PayPal, Alipay, Visa ҳамда Mastercard каби халқаро тўлов тизимларини Ўзбекистонда жорий этиш бўйича тажрибаси билан ўртоқлашган.

Маълум қилинишича, Ўзбекистон ҳудудида электрон пул айланмасини тартибга солувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжат 2019 йил 1 январгача тайёрланади. Шундан кейин электрон тижорат келишувларида электрон пуллар, шу жумладан хорижий электрон ҳамёндаги маблағлар орқали тўловларни амалга ошириш тартиби белгиланади.

Бундан ташқари, Ташқи савдо вазирлиги Марказий банк билан биргаликда бир ой муддатда етакчи хорижий савдо майдончалари (ebay, Amazon ва бошқалар), тўлов тизимлари (Paypal) билан музокаралар ўтказишни ташкил этиб, ўтказилган музокаралар якуни бўйича маҳаллий тадбиркорлик субъектларига ушбу савдо майдончалари ва тўлов тизимлари орқали товарлар (хизматлар)ни реализация қилиш ва ҳисоб-китобларни амалга ошириш имконини яратиш бўйича аниқ таклифларни Ўзбекистон Республикаси Президенти девонига киритиши керак.

Эслатиб ўтамиз, Марк ўтган йили 29 ноябрда Тошкент шаҳридаги Инҳа университетида илк марта ташкил қилинган  Silicon Valley Talks лойиҳаси доирасида маъруза ўқиганди.  IUT ва АҚШнинг Openbucks корпорацияси 2017 йил сентябрь ойида  Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг АҚШга амалий ташрифи доирасида ҳам ўзаро англашув Меморандумини имзолаганди.

Мавзуга оид