Ўзбекистон | 14:35 / 22.05.2018
14808
4 дақиқада ўқилади

ИИВ: Андижонда ички ишлар органларини бошқаришнинг янги тизими жорий этилади 

Фото: Kun.uz

Жорий йилнинг 19-20 май кунлари Ўзбекистон Республикаси президенти Ш.Мирзиёев жойларда амалга оширилаётган бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишлари, ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларнинг бориши, йирик лойиҳалар билан яқиндан танишиш, халқ билан мулоқот қилиш мақсадида Андижон вилоятига амалга оширган ташрифи доирасида ички ишлар вазири генерал-майор П.Бобожонов вилоят ички ишлар органлари фаолияти билан танишди. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси ИИВ Жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари билан алоқалар бошқармаси хабар бермоқда.

Ички ишлар вазири Андижон шаҳар Ички ишлар бошқармаси ва шаҳар ҳудудида аҳолига хизмат қилаётган бешта ички ишлар бўлинмалари ҳамда Андижон тумани Ички ишлар бўлимига ташриф буюриб, маҳаллаларда жамоат тартибини сақлаш ва жамоат хавфсизлигини таъминлаш, жиноятчиликка қарши курашиш, ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш бўйича амалга оширилаётган ишлар, бу борада жамоатчилик билан ҳамкорликнинг аҳволи, идоралар жойлашган биноларда хизматни ташкил этиш учун яратилган шароитлар яқиндан ўрганилди.

Вазир ички ишлар органлари фаолияти билан танишар экан, президент тизим олдига қўйган вазифалардан келиб чиқиб ҳозирга қадар Самарқанд ва Урганч шаҳарлари, Ургут ва Қўшкўпир ҳамда Тошкент шаҳри туманларида тажриба тариқасида жорий этилган ички ишлар органларини бошқариш ва хизматни ташкил этишнинг янги тизими амалда ўзини оқлаб, фаолият натижадорлигига эришишнинг яна бир самарали воситаси сифатида намоён бўлаётганлигини, мақсад куч ва воситаларни ҳудудий бўлиниш асосида имкон қадар аҳолига яқинлаштириб, унга ўз вақтида ва сифатли хизмат кўрсатиш, фуқароларни ташвишга солаётган муаммо ва масалаларни жойида ҳал этиш, жиноятчиликка қарши курашиш ва ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш чора-тадбирларини мақсадли ва манзилли амалга ошириш эканлигини таъкидлади ҳамда мазкур тизимни қисқа муддатда Андижон шаҳрига ҳам татбиқ қилиш бўйича Ички ишлар вазирлиги ва вилоят Ички ишлар бошқармаси мутасадди раҳбарларига кўрсатма берди. 

Мазкур тизимга мувофиқ, Андижон шаҳрида ҳозирда фаолият кўрсатаётган Ички ишлар бошқармасининг негизида шаҳар ҳудудини комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича 4 та секторнинг ҳар бирида 1 тадан ички ишлар бўлими ҳамда уларнинг фаолиятини мувофиқлаштирувчи алоҳида бошқарма ташкил этилади. 

Ҳозирда шаҳар ИИБда мавжуд, зарур ҳолларда эса қўшимча куч ва воситалар қуйи тизимга, яъни секторларда ташкил этиладиган ушбу бўлимлар фаолиятига жалб қилинади. Шу билан бирга, ҳудудларда хавфсизликни таъминлаш борасида секторлардаги ички ишлар органлари фаолиятига замонавий ахборот технологияларини янада кенгроқ жорий этиш режалаштирилган. 

Ташриф давомида Ички ишлар вазирлиги томонидан Андижон шаҳар ва Андижон тумани ички ишлар органларига хизматни олиб бориш учун зарур бўлган янги автоуловлар ажратилиб топширилди. 

Шунингдек, ички ишлар вазири генерал-майор П.Бобожонов ИИВнинг Андижон академик лицейида бўлиб, муассасада ўқув жараёнининг ташкил этилиши, ўқув-методик таъминланиши ва ўқувчилар учун яратилган шароитлар билан ҳам танишган. 

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид