Ўзбекистон | 21:48 / 22.05.2018
22751
18 дақиқада ўқилади

Жисмоний тарбия ва спорт вазирининг асосий вазифалари белгилаб қўйилди

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарори билан Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги тўғрисидаги низом тасдиқланди.

Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги тўғрисидаги низомга кўра, вазирлик Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига бўйсунади.

Вазирлик тизимига қуйидагилар киради:

Вазирликнинг марказий аппарати;

Қорақалпоғистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт Вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар жисмоний тарбия ва спорт бошқармалари, туманлар (шаҳарлар) жисмоний тарбия ва спорт бўлимлари;

юридик шахс мақомига эта бўлган идоравий мансуб ташкилотлар;

Жисмоний тарбия ва спортни ривожлантириш жамғармаси ва унинг ҳудудий бўлинмалари;

“Сертификатлаштириш ва компьютерлаштириш маркази” давлат корхонаси;

Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университети;

Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги ҳузуридаги Жисмоний тарбия ва спорт бўйича мутахассисларни илмий-методик таъминлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш маркази;

Сув спорти турларини ривожлантириш республика маркази;

Олимпия шон-шуҳрати музейи;

спорт якка курашлари, спорт ўйинлари, спортнинг қишки ва мураккаб техник турлари, гимнастика, сув спорти турлари, енгил атлетика, от спорти бўйича республика олий спорт маҳорати мактаблари;

Республика ўсмирлар спорт маҳорати олий мактаби;

Гимнастика бўйича республика ихтисослаштирилган олимпия захиралари болалар-ўсмирлар спорт мактаби;

Республика олимпия захиралари теннис мактаби;

Спортнинг эшкак эшиш турлари бўйича республика ихтисослаштирилган болалар-ўсмирлар олимпия захиралари спорт мактаби;

Шахмат бўйича республика ихтисослаштирилган болалар-ўсмирлар олимпия захиралари спорт мактаби;

Сув спорти турлари бўйича республика ихтисослаштирилган болалар-ўсмирлар олимпия захиралари спорт мактаби;

“Спорт” газетаси таҳририяти” давлат корхонаси;

олий спорт маҳорати мактаблари;

ихтисослаштирилган Республика олимпия захиралари мактаб-интернати;

спорт турлари бўйича ихтисослаштирилган давлат мактаб-интернатлари;

спорт турлари бўйича ихтисослаштирилган болалар-ўсмирлар спорт мактаблари;

болалар-ўсмирлар спорт мактаблари.

Қуйидагилар Вазирликнинг асосий вазифалари ҳисобланади:

жисмоний тарбия ва спорт соҳасида аҳолининг кенг қатламларини спорт билан шуғулланишга ва соғлом турмуш тарзини юритишга жалб этишга, жисмонан соғлом ўсиб келаётган ёш авлодни тарбиялашга, спорт индустрияси ва инфратузилмасини ривожлантиришга, халқаро спорт майдонида юқори натижаларга эришиб мамлакатни муносиб ифодалашни таъминлашга қаратилган ягона давлат сиёсатини амалга ошириш;

Вазирликлар ва идораларнинг жисмоний тарбия ва спорт жамиятлари ҳамда клубларининг фаолиятини мувофиқлаштириш, шунингдек, республика мактабгача таълим муассасалари, умумтаълим мактаблари, ўрта махсус, касб-ҳунар таълими ва олий таълим муассасалари жисмоний тарбия ўқитувчилари ва инструкторлари фаолиятига ташкилий-методик раҳбарлик қилиш;

маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, жисмоний тарбия ва спорт жамиятлари, таълим муассасалари, жамоат ташкилотлари билан биргаликда аҳоли, айниқса, ёшлар ўртасида жисмоний тарбия ва спорт билан шуғулланишни оммалаштириш борасида кенг кўламли ишларни ташкил этиш;

болаларни спорт билан мунтазам равишда шуғулланишга жалб этиш, болалар спорт таълими сифатини ошириш, барча минтақаларда, айниқса, қишлоқ ва чекка туманларда болалар спорти объектлари тармоғини янада кенгайтириш орқали болалар спортини янада ривожлантириш;

Олимпия, Паралимпия ва Осиё ўйинлари, жаҳон, Осиё чемпионатлари ва бошқа халқаро мусобақа ва турнирларда муваффақиятли иштирок этишни таъминлаш учун истиқболли спортчиларни танлаш, тайёрлаш ва маҳоратини оширишнинг, улар орасидан мамлакат терма жамоалари сифатли спорт захираси ва таркибини шакллантиришнинг самарали тизимини яратишда Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси, спорт федерациялари (уюшмалари) билан ҳамкорлик қилиш;

мамлакатимизда профессионал, оммавий спортни, шу жумладан, спорт ўйинлари ва қишки спорт турларини ривожлантиришни рағбатлантириш ва қўллаб-қувватлаш, илғор халқаро тажрибани ҳисобга олган ҳолда спорт тайёргарлиги жараёнига замонавий технологияларни жорий этиш, барча спорт турлари бўйича миллий чемпионатлар даражаси ва сифатини ошириш, халқаро ва минтақавий мусобақаларни ташкил этиш, носоғлом спорт рақобатига ва тақиқланган субстанциялар ва (ёки) тақиқланган усуллар ишлатилишига қарши тизимли чоралар кўришни рағбатлантириш;

жисмоний тарбия-соғломлаштириш ва спорт ташкилотлари, объектлари ва иншоотларининг оммавий спорт, болалар спорти ва профессионал спорт йўналишлари бўйича моддий-техника базасини ривожлантириш ҳамда мустаҳкамлаш, улардан максимал даражада ва самарали фойдаланилишини таъминлаш, спорт асбоб- ускуналари ҳамда инвентарларининг мамлакатимизда ишлаб чиқарилишини ташкил этиш ва кенгайтириш бўйича таклифлар тайёрлашда қатнашиш;

жисмоний тарбия ва спорт соҳасида кадрларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини оширишни ташкил этиш, жисмоний тарбия-соғломлаштириш ҳамда спорт ташкилотларини, таълим ва спорт-таълим муассасаларини юқори малакали тренерлар ва бошқа спорт мутахассислари билан таъминлаш;

жисмоний тарбия ва спорт соҳасида халқаро ва давлатлараро спорт алоқаларини кенгайтириш ҳамда мустаҳкамлаш, хорижий инвестициялар ва грантларни жалб этиш борасидаги ишларни ташкил қилиш, оммабоп спорт дастурларини ташкил этишга кўмаклашиш, жисмоний тарбия ва спорт соҳасига оид оммавий адабиётларни чоп этиш, видео ва кино материаллар тайёрлаш.

Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт вазирининг асосий функционал вазифалари:

1) Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунлари, шунингдек, бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар талабларига риоя этиш;

2) якка бошчилик тамойилига асосланган ҳолда Вазирлик фаолиятига умумий раҳбарлик қилиш, Ўзбекистон Республикаси Президентининг тегишли ҳужжатлари, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарори ва бошқа қонун ҳужжатлари билан Вазирликка юкланган вазифалар ва функцияларнинг бажарилишини ташкил этиш;

3) Ўзбекистон Республикаси Президентининг тегишли ҳужжатлари, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари билан жисмоний тарбия ва спорт соҳасини янада такомиллаштириш бўйича тасдиқланган концепциялар, комплекс дастурлар ва комплекс тадбирлар ижросини танқидий ва чуқур таҳлил қилиш;

4) Вазирлик ва унинг таркибий ва ҳудудий бўлинмалари фаолияти билан боғлиқ прогноз кўрсаткичларига эришишни сўзсиз таъминлаш бўйича амалий чораларни ишлаб чиқиш ва қабул қилиш;

5) Вазирлик фаолияти соҳасига кирувчи масалалар бўйича Ўзбекистон Республикаси Президенти Девони хизматлари ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси комплекслари, шунингдек, тегишли Вазирликлар ва идоралар билан ўзаро ҳамкорлик қилиш, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ва унинг Раёсати йиғилишларида масалаларни кўриб чиқишда иштирок этиш;

6) Ўзбекистон Республикаси Президенти, Ўзбекистон Республиканинг Бош вазири ва унинг ўринбосарлари топшириқларининг ўз вақтида ва сифатли бажарилишини таъминлаш;

7) ўз ўринбосарлари ваколатларини белгилаш, улар ўртасида вазифаларини тақсимлаш, Вазирликнинг бошқа мансабдор шахслари ваколатларини белгилаш, Вазирлик фаолиятининг алоҳида участкаларига раҳбарлик қилиш учун ўз ўринбосарлари ва бошқа мансабдор шахсларнинг шахсий жавобгарлиги даражасини белгилаш;

8) Вазирлик фаолиятини режалаштиришни ташкил этиш, Вазирлик ва ўз ўринбосарларининг ҳар чораклик иш режаларини тасдиқлаш, уларнинг бажарилиши назорат қилинишини таъминлаш;

9) Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг ҳужжатлари ва топшириқлари ижросини ташкил этиш ва мониторинг олиб боришнинг амалий тизимини яратиш, Вазирлик фаолиятида ижро интизомини мустаҳкамлаш бўйича комплекс амалий чора-тадбирларни бажариш, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ўзбекистон Республикаси Президентининг ҳужжатлари ва топшириқлари самарали ва натижали ижро этилиши, шунингдек, ижро интизоми мустаҳкамланиши учун Ўзбекистон Республикаси Президенти Давлат маслаҳатчиларининг, Вазирлар Маҳкамаси ва унинг комплекслари, давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, шунингдек, барча даражалардаги ҳокимликлар раҳбарларининг шахсий жавобгарлиги тўғрисида" 2017 йил 11 апрелдаги ПҚ-2881-сон қарорига ва Вазирлар Маҳкамасининг "Ижро интизомини мустаҳкамлаш чора-тадбирлари тўғрисида" 1999 йил 12 январдаги 12-сон қарорига мувофиқ топшириқлар ўз вақтида сифатли ижро этилиши учун таркибий ва ҳудудий бўлинмалар ҳамда идоравий мансуб ташкилотлар раҳбарларининг шахсий масъулиятини ошириш чора-тадбирларини кўриш;

10) Вазирлик ходимларини тизимли қайта тайёрлашни ва уларнинг малакасини оширишни ташкил этиш;

11) Вазирлик тизимида кадрларни танлаш ва жой-жойига қўйиш, уларнинг самарали фаолияти учун зарур шарт-шароитлар яратиш, Вазирликнинг кадрлар захирасини шакллантириш;

12) Ўзбекистон Республикаси Президенти, Ўзбекистон Республикаси Президенти Девони ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси номенклатурасига кирадиган бўш лавозимларга таклиф этилган кадрларнинг, шунингдек, Вазирликка ишга қабул қилинаётган бошқа кадрларнинг профессионал, ўз ишини билиши, амалий тажрибага, юксак даражада ишлаш хусусиятларига ва маънавий-ахлоқий фазилатларга эга эканлиги кафолатини таъминлаш;

13) фаолият соҳасига кирадиган масалалар бўйича норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари сифатли ишлаб чиқилишини, улар "Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида", "Қонунлар лойиҳаларини тайёрлаш ва уларни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасига киритиш тартиби тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси қонунлари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 28 июлдаги ПҚ-3161-сон қарори билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикаси Президенти Девонининг Регламенти (кейинги ўринларда Ўзбекистон Республикаси Президенти Девонининг Регламенти деб аталади) ва Вазирлар Маҳкамасининг 2005 йил 14 февралдаги 62-сон қарори билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг Регламенти (кейинги ўринларда Вазирлар Маҳкамасининг Регламенти деб аталади) талабларига қатъий мувофиқ равишда ўз вақтида киритилишини ташкил этиш, уларнинг Вазирлар Маҳкамаси аппаратида пухта ишланишида, Вазирлар Маҳкамаси раҳбарияти ҳузурида ҳимоя қилинишида ва Ўзбекистон Республикаси Президенти Девонида кўриб чиқилишида иштирок этиш;

14) "Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида", "Қонунлар лойиҳаларини тайёрлаш ва уларни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасига киритиш тартиби тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси қонунларига ва Вазирлар Маҳкамасининг 2016 йил 17 октябрдаги 345-сон қарори билан тасдиқланган Давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларининг қонун лойиҳаси фаолиятининг Намунавий регламентига мувофиқ Вазирликнинг қонун лойиҳаларини тайёрлаш фаолиятини ташкил этиш;

15) Вазирлик ваколатига кирувчи масалалар бўйича норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни, зарурат бўлганда, бошқа Вазирликлар ва идоралар билан биргаликда тегишли қарорларни қабул қилиш;

16) Вазирликка тақдим этилган таклифлар ва норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари тўлиқ ва ўз вақтида кўриб чиқилишини таъминлаш, уларни Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 28 июлдаги ПҚ-3161-сон қарори билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикаси Президенти Девонининг Регламенти ва Вазирлар Маҳкамасининг 2005 йил 14 февралдаги 62-сон қарори билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг Регламентида белгиланган муддатларда келишиш (виза қўйиш);

17) Вазирлик раҳбарлари ва ходимлари хизмат сафарларини Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Мансабдор шахсларнинг хорижий мамлакатларга чиқиш тартибини такомиллаштириш чоралари тўғрисида" 2014 йил 5 мартдаги ПҚ- 2142-сон ва "Хорижий хизмат сафарларида бўлишнинг самарадорлиги ва хорижий делегацияларнинг Ўзбекистон Республикасига ташрифини ташкил этиш учун мансабдор шахсларнинг шахсий жавобгарлигини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида" 2017 йил 3 августдаги ПҚ-3170-сон қарорлари талабларига мувофиқ ташкил этиш, хизмат сафарларининг асосланганлиги, самарадорлиги ва натижадорлигини, сафар учун ажратиладиган маблағлардан мақсадли ва оқилона фойдаланишни таъминлаш;

18) ўз ўринбосарлари ҳамда таркибий ва ҳудудий бўлинмалар раҳбарлари фаолияти самарадорлигини ва натижадорлигини мунтазам танқидий таҳлил қилиш, Вазирлик ҳайъати мажлисларида уларнинг шахсий ҳисоботларини эшитиш, уларнинг якунлари бўйича зарур чора-тадбирлар кўриш;

19) Вазирлик ходимларини рағбатлантириш ва интизомий жавобгарликка тортиш масалаларини ҳал қилиш, ўз ўринбосарларини рағбатлантириш ва интизомий жавобгарликка тортиш, шу жумладан, уларнинг эгаллаб турган лавозимда қолишининг мақсадга мувофиқлигига доир масалаларни кўриб чиқиш тўғрисида таклифлар киритиш, уларнинг шахсий масъулиятини оширишга доир тизимли чора-тадбирларни амалга ошириш;

20) Вазирлик ходимлари томонидан Вазирлар Маҳкамасининг 2016 йил 2 мартдаги 62-сон қарори билан тасдиқланган Давлат бошқаруви органлари ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари ходимларининг одоб-ахлоқ намунавий қоидалари асосида тасдиқланган Вазирлик ходимларининг одоб-ахлоқ қоидалари талабларига риоя этилишини таъминлашни назорат қилиш;

21) "Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни талабларига мувофиқ Вазирлик тизимида коррупция ва бошқа ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш чораларини кўриш, шунингдек, ҳуқуқни қўллаш амалиётини ва қонун ҳужжатларини такомиллаштиришга доир чора-тадбирларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш орқали уларнинг содир этилишига кўмаклашувчи сабаблар ва шарт-шароитларни аниқлаш, таҳлил қилиш, бартараф этиш;

22) Вазирлик ҳамда унинг таркибий ва ҳудудий бўлинмалари ишини ташкил этишнинг замонавий шакллари жорий этилишини таъминлаш;

23) аҳоли ва тадбиркорлик субъектлари билан ҳамкорлик қилишда, шу жумладан, "ягона дарча" принципини жорий этиш орқали давлат хизматлари сифати ва самарадорлигини ҳамда улардан эркин фойдаланишни ошириш ҳамда "Электрон ҳукумат тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунини амалга ошириш доирасида замонавий ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланиш;

24) жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларини кўриб чиқишга доир самарали ишларни ташкил этиш, аҳоли билан тўғридан-тўғри ва очиқ мулоқотни йўлга қўйиш, "Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунида, Вазирлар Маҳкамасининг 2015 йил 31 мартдаги 73-сон қарори билан тасдиқланган Давлат органлари ва давлат ташкилотларида жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш тартиби тўғрисидаги Намунавий низомда белгиланган муддатларда ва тартибда жисмоний шахсларни ва юридик шахслар вакилларини мунтазам равишда шахсан қабул қилиш, шу жумладан, жойларга бориб қабул қилиш;

25) Ўзбекистон Республикаси Президентининг Халқ қабулхоналари билан самарали ҳамкорликни, уларнинг фаолиятида Вазирлик ходимлари ва раҳбарларининг фаол иштирок этишини ташкил этиш, жисмоний ва юридик шахсларнинг Ўзбекистон Республикаси Президенти Виртуал қабулхонасидан тушган мурожаатлари ўз вақтида ва тўлиқ кўриб чиқилишини таъминлаш;

26) давлат сирига киритилган маълумотлар ва махфий ахборот билан ишлашда қонун ҳужжатлари талабларига риоя қилиш;

27) Вазирлик марказий аппарати штат жадвалини ходимларнинг тасдиқланган штат бирликларининг белгиланган сони асосида, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси бюджет маблағлари ҳисобига молиялаштириладиган марказий аппарат ва идоравий мансуб ташкилотларнинг харажатлар сметасини тасдиқлаш;

28) Вазирликнинг ҳудудий бўлинмалари низомларини, шунингдек, идоравий мансуб ташкилотлар уставларини белгиланган тартибда тасдиқлаш;

29) марказий аппарат ходимларини, идоравий мансуб ташкилотлар раҳбарларини, шунингдек, вилоятлар ва Тошкент шаҳар бошқармалари бошлиқларини, Қорақалпоғистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт вазирини белгиланган тартибда лавозимга тайинлаш ва лавозимдан озод этиш;

30) Вазирлик ҳайъатига ва марказий аппарат йиғилишларига раҳбарлик қилиш;

31) Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси ва спорт турлари бўйича федерациялар (ассоциациялар) билан биргаликда Ўзбекистон спортчиларининг Олимпия ва Паралимпия ўйинларига тайёргарлик кўриши ва иштирок этиши бўйича қабул қилинган дастурлар ижросини таъминлаш;

32) илғор хорижий тажрибани ҳисобга олган ҳолда республикада профессионал спортни ривожлантиришга кўмаклашиш бўйича мунтазам чоралар қабул қилинишини таъминлаш, спорт тайёргарлиги жараёнига замонавий технологияларни жорий этиш, спорт турлари бўйича миллий чемпионатлар даражаси ва сифатини ошириш, халқаро ва қитъа мусобақаларини ташкил этиш, носоғлом спорт рақобатига ва тақиқланган субстанциялар ва (ёки) тақиқланган усулларга қарши кураш бўйича тадбирларни ўтказиш;

33) спорт базалари ва спорт-соғломлаштириш ташкилотларини ривожлантириш ва моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, спорт асбоб-ускуналари ва инвентарлар маҳаллий корхоналар томонидан ишлаб чиқарилиши кенгайтирилишини ташкил этиш бўйича манфаатдор Вазирликлар ва идоралар билан келишилган таклифлар тайёрланишини ташкил этиш;

34) истеъдодли ва истиқболли спортчиларни танлаш, тайёрлаш чора- тадбирлари қабул қилинишини таъминлаш, уларнинг маҳоратини ошириш ва селекциянинг узлуксиз тизимини такомиллаштириш, уларнинг Олимпия ва Паралимпия ўйинларида, жаҳон, Осиё чемпионатларида ва бошқа нуфузли мусобақаларда, шунингдек, турнирларда муваффақиятли иштирокини таъминлаш чора-тадбирларини кўриш;

35) жисмоний тарбия ва спорт соҳасида ягона давлат сиёсати амалга оширилишини таъминлаш, тегишли Вазирликлар, идоралар, маҳаллий ҳокимликларнинг ижро этувчи органлари, федерациялар (ассоциациялар) ва бошқа ташкилотлар фаолиятини мувофиқлаштириш;

36) жисмоний тарбия ва спорт соҳасида кадрларни тайёрлаш чора- тадбирларини кўриш, қайта тайёрлаш ва малака оширишни ташкил этиш, таълим ва спорт муассасаларини юқори малакали тренерлар ва бошқа мутахассислар билан таъминлаш;

37) жисмоний тарбия ва спорт соҳаси ходимлари ва мутахассисларини, уларнинг кўп йиллик ва самарали фаолияти, алоҳида ўрнак кўрсатганлиги, хизматлари учун Ўзбекистон Республикаси Давлат мукофотларига тақдимномалар белгиланган тартибда киритилишини таъминлаш ва тавсиялар бериш;

38) Ўзбекистон спорт делегацияларининг халқаро спорт мусобақаларида ва жисмоний тарбия-оммавий тадбирларда иштирокини таъминлаш;

39) берилган спорт унвонларини, разрядлар ва малака тоифаларини тасдиқлаш;

40) Вазирлик томонидан олий таълим муассасаси билан биргаликда ташкил этилган танлов натижалари бўйича давлат олий таълим муассасаларининг жисмоний тарбия ўқитувчиларини (кафедра мудирларини) лавозимга тайинлаш ва лавозимдан озод этиш;

41) жисмоний тарбия ва спорт соҳасида халқаро ва давлатлараро алоқаларни кенгайтириш ва мустаҳкамлаш, хорижий инвестициялар ва грантларни жалб қилиш бўйича халқаро тадбирларда вакилларнинг Ўзбекистон Республикаси номидан иштирокини таъминлаш.

Вазир қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа функционал вазифаларига ҳам эга бўлиши мумкин.

Қайд этилишича, вазирликка Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг тақдимномаси бўйича Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан лавозимга тайинланадиган ва лавозимдан озод этиладиган Вазир бошчилик қилади.

Вазир ўз мақомига кўра Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг аъзоси ҳисобланади.

Вазирнинг уч нафар ўринбосари, шу жумладан, бир нафар биринчи ўринбосари бўлади.

Вазирнинг биринчи ўринбосари ва бошқа ўринбосарлари Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан лавозимга тайинланадилар ва лавозимдан озод этиладилар.

Вазир бўлмаган вақтда унинг ваколатлари вазифалар тақсимотига биноан унинг ўринбосарлари томонидан бажарилади.

Мавзуга оид