Мирзиёев АҚШда янги гуруҳни таъсис қилиш ташаббусини билдирган
Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев АҚШда Ўзбекистон билан парламентлараро алоқаларни илгари суришга қаратилган кокус, яъни ҳамкорлик гуруҳини таъсис қилиш ташаббусини билдирди. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати раисининг биринчи ўринбосари Содиқ Сафоев “Халқ сўзи”га берган интервьюсида айтиб ўтди.
«Ўзбекистон тарафи Конгресснинг АҚШ ижтимоий-сиёсий ҳаётидаги тутган ўрнини инобатга олган ҳолда, бу муассаса билан тизимли равишда муносабат ўрнатишга қизиқиш билдирмоқда. Президентимиз АҚШда Ўзбекистон билан парламентлараро алоқаларни илгари суришга қаратилган кокус, яъни ҳамкорлик гуруҳини таъсис қилиш ташаббусини билдирди. АҚШлик конгрессменлар мазкур ташаббусга катта қизиқиш билан қараб, бу таклифни яқин кунларда кўриб чиқажакларини айтишди. Чунки, уларнинг фикрича, мазкур ҳамкорлик механизмидан АҚШ Конгресси ҳам манфаатдордир. Шу сабабли Олий Мажлис ва АҚШ Конгресси ўртасидаги ҳамкорлик гуруҳини тузиш мақсадга мувофиқлиги қайд этилди», - дея айтиб ўтган Сафоев.
Ўзбекистон президентининг ташрифи доирасида Вашингтонда конгрессменлар билан музокаралар бўлиб ўтган. Сафоевнинг сўзларига кўра, аввал Конгрессдаги суҳбатлар, музокаралар жуда оғир ўтган.
«Илгариги тажрибамдан биламанки, Конгрессдаги суҳбатлар, музокаралар жуда оғир ўтар эди. Доимо саволлар, танқидий мулоҳазалар ўртага ташланарди. Бу гал — тажрибамда биринчи марта Америка Қўшма Штатларида олқишдан бошқа гап эшитмадик», - деди сенатор.
Президент билан мулоқотда бўлган америкалик сенатор ва конгрессменлар, биринчи галда, Ўзбекистондаги ислоҳотларга, жумладан, давлат бошқарувини такомиллаштириш, демократияни, иқтисодий эркинликни илгари суриш борасидаги ишларга яхши баҳо беришган.
«Америкалик сиёсатчининг айтишича, айнан кенг кўламли ислоҳотлар эвазига Ўзбекистон ва АҚШ ўртасидаги ишонч аввалги даврлардагига нисбатан кескин мустаҳкамланди», - дея айтиб ўтди Сафоев.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Содиқ Сафоев Ўзбекистон президентининг бугунги кунда халқаро миқёсда катта обрўга эга эканлиги, энг етакчи давлатлар раҳбарлари томонидан юқори ҳурмат билан тилга олинаётгани АҚШга ташрифнинг муваффақиятли ташкил этилишида муҳим роль ўйнагани ҳақида маълум қилганди.
Мавзуга оид
13:52
АҚШ Ўсимликлар карантини агентлигига 205 минг долларлик ускуналар топширди
21:00 / 21.11.2024
АҚШ–Хитой зиддияти ва Тайван омили: Трампдан нима кутиш мумкин?
11:15 / 21.11.2024
Путин Трамп билан Украинада ўт очишни тўхтатишни муҳокама қилишга тайёр — Reuters
10:46 / 21.11.2024