Ўзбекистон | 12:02 / 26.05.2018
4463
3 дақиқада ўқилади

ЖССТ раҳбари Тедрос Гебрейесус Ўзбекистонга келади

Шу йилнинг 21 майидан бошлаб, Швейцариянинг Женева шаҳрида Жаҳон соғлиқни сақлаш ассамблеясининг 71-сессияси ўз ишини бошлади. Унда Соғлиқни сақлаш вазири Алишер Шодмонов бошчилигида Ўзбекистон делегацияси ҳам иштирок этмоқда. 

Дунёнинг турли мамлакатлари тажрибаси билан танишиш, илғор амалиётларни ўрганиш ва уларни ҳаётга татбиқ этиш ҳамда аҳоли саломатлиги билан боғлиқ муаммоларга самарали ечим топиш мазкур нуфузли анжуманнинг мақсадларидан бири бўлди, деб хабар бермоқда Соғлиқни сақлаш вазирлиги ахборот хизмати. 

Фото: Соғлиқни сақлаш вазирлиги ахборот хизмати
Фото: Соғлиқни сақлаш вазирлиги ахборот хизмати

Бундан ташқари, ЖСТТга аъзо 194та давлат, жумладан, Ўзбекистон делегацияси иштирок этаётган мазкур сессияда халқаро ташкилотнинг соғлиқни сақлаш соҳаси бўйича кузатилаётган глобал муаммолар ва уларнинг ечимлари борасида муҳокамалар ўтказилди. Бу йилги сессияда атроф-муҳит ва иқлим ўзгаришларининг саломатликка салбий таъсири ва унга қарши курашиш бўйича йўл харитаси, дори-дармон ва вакцина таъминоти, ноинфекцион касалликлар профилактикаси, аёллар, болалар ва ўсмирлар саломатлигини муҳофаза қилиш каби масалалар бўйича маърузалар қилинмоқда.

Женева сафари давомида Соғлиқни сақлаш вазири Алишер Шодмонов ЖССТ Бош директори Тедрос Гебрейесус билан икки томонлама алоҳида учрашув ўтказди. Ўзаро мулоқотлар чоғида Ўзбекистонда сўнгги йилларда соғлиқни сақлаш тизимида олиб борилаётган ислоҳотлар, аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизматлар даражасининг оширилаётгани, шунингдек, соҳада қабул қилинаётган меъёрий ҳужжатлар, истиқболдаги режалар ва дастурлар ҳақида маълумот берилди. 

Фото: Соғлиқни сақлаш вазирлиги ахборот хизмати

Суҳбат давомида Т.Гебрейесус мамлакатда президент Ш.Мирзиёев бошчилигида ҳаётга татбиқ этилаётган барча ҳуқуқий ҳужжат ва дастурлар аҳолига ғамхўрликнинг барча зарур жиҳатларини қамраб олаётганлиги, Ўзбекистон тиббиёт тизимида ҳам ўзининг оқилона стратегияси, сиёсати ва устувор йўналишларини белгилаб олганлиги, ислоҳотларнинг янги босқичи билан боғлиқ вазифалар амалга оширилаётганлигини эътироф этди ва ушбу тарихий воқеаларнинг гувоҳи бўлиш мақсадида шу йилнинг ўзида Ўзбекистонга ташриф буюришини билдирди. Шунингдек, у Ўзбекистон ва ЖССТ ўртасида мамлакат манфаатларини ҳимоя қилувчи кўп томонлама ўзаро ҳамкорлик алоқаларини ривожлантиришга ҳар доим тайёр эканлигини таъкидлади. 

Анжуманнинг 26 май куни бўлиб ўтадиган сўнгги кунида ушбу нуфузли халқаро ташкилотга аъзо давлатлар вакиллари томонидан аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш билан боғлиқ муҳим қарорлар қабул қилиниши кутилмоқда.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид