Ўзбекистон | 13:31 / 29.05.2018
17164
2 дақиқада ўқилади

Андижон шаҳридаги қайси чорраҳаларга видеокузатув камералари ўрнатилди?

Фото: KUN.UZ

Ўзбекистон Республикаси ИИВ Йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармаси матбуот хизматидан хабар беришларича, йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш, содир этилиши мумкин бўлган кўнгилсиз ҳолатларнинг олдини олиш, қоидабузарликлар сонини камайтириш, ҳаракат иштирокчиларининг ҳаракатланиш маданиятини ошириш мақсадида, Давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати тизимида бир қатор ишлар амалга оширилиб, янгиликлар жорий этилмоқда. 

Жумладан, Андижон вилоятининг транспорт воситалари серқатнов бўлган чорраҳаларига 94та видеокузатув камералари ўрнатилди ҳамда улар шу йилнинг 1 июнь кунидан бошлаб қоидабузарликларни автоматик тарзда қайд этишни бошлайди. Ушбу камералар светофорнинг тақиқловчи чироғида ҳаракатланган, узлуксиз чизиқни босган, қарама-қарши йўналишда ҳаракатланган ҳамда тўхтаб туриш таъқиқланади йўл белгиси талабларига бўйсунмаган ҳайдовчилар бошқарувидаги автомототранспорт воситаларини қайд этиб бориши режалаштирилган.

Видеокузатув камералари Андижон шаҳри ҳудудидаги 7 та яъни, А.Темур-А.Навоий, А.Темур-З.М.Бобур, Машраб-Лермонтов, Ўзбекистон-Фурқат, Ўзбекистон-З.М.Бобур, Чўлпон шоҳ-Мустақиллик ва З.М.Бобур-Ю.Отабеков кўчалари кесишган чорраҳаларига ўрнатилди. 1 июнь кунигача камералар синов тарзида ишлатилмоқда. 

Эслатиб ўтиш жоизки, Қонун билан Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга махсус автоматлаштирилган фото ва видео техник воситалари орқали қайд этилган йўл ҳаракати қоидаларини бузганлик учун маъмурий жавобгарлик киритилган. 

Мавзуга оид