Спорт | 20:52 / 29.05.2018
26990
14 дақиқада ўқилади

Эйзел фожиасига 33 йил: Аслида қандай бўлганди

Бугун футбол тарихидаги энг машъум воқеалардан бирига 33 йил тўлди. 1985 йил 29 май куни Европа Чемпионлар Кубоги финали эмас, қонли бир воқеанинг санаси ўлароқ муҳрланди.

«Бугунги воқеа Европа Чемпионлар кубогига барҳам бермайди, аммо ҳар қандай ҳолатда ҳам футбол катта мағлубиятга учради», - деганди УЕФА президенти Жак Жорж «Ювентус» клубига Чемпионлар Кубогини топшираётиб. Маросим жуда оддий шароитда, аниқроғи «Эйзел» стадионининг туринликлар учун ажратилган ечиниш хонасида бўлиб ўтди.

Сездингиз, бугунги суҳбат футбол тарихидаги энг қора ва қонли кунлардан бири сифатида қайд этилган, 1985 йилнинг 29 майида бўлиб ўтган Чемпионлар кубогининг юбилей 30-финали, «Ювентус» ва «Ливерпуль» ўртасидаги учрашуви олдидан бўлиб ўтган воқеалар ҳақида.

Фото: Getty Images

Ўйинни «Ювентус» анча фаол бошлади, барча жабҳаларда «Ливерпуль»ни ортда қолдирди. 56-дақиқада эса инглизлар жарима майдонида Бонекни чалиб йиқитдилар, Платини эса пенальтини аниқ амалга оширди ва бу гол италияликларга ғалаба келтирди. «Ювентус» футболчилари майдон бўйлаб зафарли айланишни рад қилдилар, бутун жамоа бўлиб мухлислари ўтирган трибунага бордилар ва тиз чўкдилар. Оғир бўлганди жуда. Ғалаба қувончи трагедияга алмашганди. Жуда кўп инсонларнинг ҳаётига зомин бўлган бу ғалаба жамоа тарихидан катта жой олишга ҳақлими? Эсланишга арзийдими?

- Ҳа, - деб жавоб беради ўша учрашув қаҳрамонларидан бири Мишель Платини, - бу ғалаба ҳақида эслаб туриш лозим, умуман унутмаслик керак. Шундаги бу каби кўнгилсизликларнинг олди олиниши мумкин.

Фото: Getty Images

Умуман турнир бошидан «Ювентус» ва «Ливерпуль» фаворит сифатида эътироф этилган бўлишса-да, маҳаллий матбуот жамоалар ҳақида танқидий материаллар беришдан чарчамасди. «Ювентус» Кубок эгалари кубогини ютган бўлса-да, жамоада салобат кўзга ташланмаётганди. Кубок эгалари кубоги финали «Порту»га қарши кечган учрашув ҳақида ҳам «La Gazzetta dello Sport» шундай ёзганди:

«Жамоанинг ривожланиш ўрнига мозий футболига қараб кетаётгани ғалати. Ўн йил олдиндагидек ҳимоявий футбол кўрсатган «Юве» бу кубок ўзи учун нақадар кераклигини, ҳатто мухлисларни гўзал футболдан мосуво қилишга ҳам арзишини тан олгандек бўлди».

Янги мавсум арафасида эса маҳаллий нашрлар Скудеттони «Ювентус» эмас, «Верона» қўлга киритишини тахмин қила бошладилар. Мавсумни «Юве» ёмон бошлади, «Интер»дан Туриндаги шармандали мағлубиятдан (0:4) кейин эса Трапатонни:

- Нима ҳам дейишим мумкин, барча жабҳаларда «Интер» биздан кучлироқ эди. Рақиб 2та гол билан кифояланганда ҳам, биз ҳисобни тенглаштира олмасдик, - дейишга мажбур бўлди.

Кўпчилик мураббийнинг тажрибасини юқори баҳолади ва иккинчи даврада жамоа ўйини кучайишига ишонарди.

- Олдинда ҳали 19 тур бор, барчасини ўз жойига туширишга улгурамиз, - деди Платини.

- Еврокубоклардаги иштирок туфайли А Серияга эътибор ажрата олмадик, мартгача еврокубоклардан озодмиз, вазиятни ўнглай оламиз, - деди етакчи ҳимоячи Гаетано Ширеа.

Бутунлай еврокубоклардан халос бўлишнинг иложи йўқ эди, қишда клуб айнан «Ливерпуль» билан УЕФА Суперкубоги учун майдонга тушиши керак эди.

Туринда ўтган дастлабки учрашув 2:0 ҳисобида майдон эгалари ғалабаси билан якунланди. Бонекнинг икки голи ўйин тақдирини ҳал қилди. Бу ўйиндан бироз олдин «Ливерпуль» Токиода Қитъалараро кубокни Аргентинанинг «Индепендьенте»сига бой берганди. Янаям олдинроқ эса марсисайдликларнинг Англия чемпионатидаги омадсиз сериялари бошланганди. Клуб 23-турдан сўнг 9-ўринда борар, бу эса инглиз журналистлари учун айни муддао бўлганди.

- «Энфилд»дан ташқарида жамоанинг чемпион бўла олмаслигини, умуман соврин учун курашмаслигини орзу қилишарди, - деганди Лесли Верной, - «Ливерпуль» гегемонлиги барчани зериктирди.

- Спортнинг энг катта душмани – монополия, - деб унга қўшилади Эрик Бетти.  

Хуллас ҳар иккала клуб баҳорги мусобақага турли кайфиятларда кириб келганди. Бир неча йил Европа футболида ҳукмронлик қилаётган «Ливерпуль» ва «Ювентус» ўртасида финал учрашуви кўпчилик томонидан қизиқиш ва ҳаяжон билан кутилаётганди. Айниқса, ливерпуллик ишқибозлар ўша пайтларда ўзларининг безориликлари билан машҳур, мағлубиятни ҳазм қила олмайдиган даражага чиққандилар. Буни барча англаб турганди ва жуда катта эътибор айнан инглиз фанатларига қаратилганди. 

Фото: Pinterest

Ливерпулдан Брюсеселгача бориш пайтида, ҳатто Ле Манш қирғоғидаги транспорт алмаштириш чоғида ҳам инглиз фанатлари полиция назорати остида бўлган ва ичиш қатъиян таъқиқланганди. Аммо йигирма мингдан зиёдроқ бўлган инглизларни назорат қилишни Бельгия полицияси уддалай олмади.  

Ўйин бошланмасданоқ рақиб ишқибозлар ўртасида кичик тўқнашувлар бошланди. Безорилар гуруҳи ювелир магазини ойналарини синдиришди ва 10 миллион франкка тенг бўлган бойликларни олиб чиқиб кетишди. Ҳеч қандай полициядан дарак йўқ. Маҳаллий органлар максимал даражада сабрни намойиш этади.

Фото: wikipedia.org

Ўйин пайтидаги ўзаро тўқнашувнинг олдини олиш мақсадида, икки жамоа фанатларини ажратиб турадиган алоҳида трибуна ташкил қилинганди. Бу секторга фақат маҳаллий ишқибозлар киритилиши кўзга тутилганди. Айнан шу сектор ўйин бошланмасданоқ ишқибозлар билан тўлади. Стадион ходимлари хатога йўл қўядилар ва бу секторга бельгиялик ишқибозлардан ташқари, жуда кўп италиялик эмигрантлар, яъни «Ювентус» мухлислари ҳам киритиб юборилади. Ҳатто туринлик ишқибозлар ҳам негадир ушбу сектордан жой олишларига шароит яратилади.

Фото: Архив фото

Ўйин бошланашига яқин трибунанинг асосий қисмини ташкил этган «қизил либослилар» ҳам бу секторга қандайдир йўллар билан кириб оладилар. Бундан ташқари, айнан ўша секторга туташган, стадионнинг X, Z ва Y секторлари энг арзон ҳисобланиб, ўриндиқлари йўқ, ўйинни тик турган ҳолда томоша қилишга мўлжалланган эди. Табиийки, бу секторлар ҳам асосан инглиз фанатлари билан тўлганди. Ўйин бошланишига 45 дақиқа қолганда, фанатлар секторлар орасидаги тўсиқларни синдиришни бошлайдилар ва айнан хавфсизлик учун белгиланган трибуна тўқнашувлар марказига айланади.

Фото: Getty Images
Фото: AFP/Getty Images
Фото: AFP/Getty Images

Таҳлика бошланди. Италиялик мухлислар трибуна пастига қараб тушиб кела бошладилар. Бельгия полицияси яна хатога йўл қўяди. Мухлисларни майдонга хавф солиш ниятида, деб ўйлаган полиция майдон атрофини ёпади ва ташқарига чиқиш йўлларини ҳам блок қилади. Аслида барча томонни очиб юбориш, эвакуацияга ва хавфни камайтиришга ҳаракат қилиниши керак эди. Чунки тўполон авж олиб бўлганди. Натижада сектор бир-бирига нафратга тўла бўлган икки гуруҳга тўлиб бораверади, қонли тўқнашув тўхтамайди. Пастга қараб йўналган гуруҳ трибуна ва майдонни ажратиб турадиган бетон девор ва панжара орасида қолиб кетади. Қонли тўқнашув эса давом этар, таҳликада вазиятдан қочишга уринган мухлислар эса жароҳатланганлар устидан юришга мажбур бўлишарди.

Фото: REUTERS
Фото: Getty Images
Фото: Getty Images

Ҳамма ўйинни сабрсизлик билан кутар, қонли секторда эса барча ўз жони учун курашар, инсонийликнинг ҳайвонга айланган ҳолатидаги аҳволининг жабрини тортиш билан овора эди. Инсон ўз душманини кийиб олган кийимига қараб танлар эди бу секторда. Қисқа вақт мобайнида 39 киши ҳаётдан кўз юмди.

Фото: Ansa

Бу вақтда футболчилар ечиниш хонасида эди, улар кўп нарсадан бехабар эди. Хабар топгач эса ўйнашни ихтиёр этдилар.

- Фожианинг бадтар авж олмаслиги учун ўйнашга мажбур эдик, -  дейди Платини, - мухлисларимиз биз учун вафот этдилар, биз эса улар учун майдонда қасос олдик.

Фото: Getty Images
Фото: Getty Images
Фото: LaPresse

«УЕФА ўйинни бекор қилмади, чунки безориликларнинг яна давом этиши ва одамларни стадиондан олиб чиқишда янги муаммолар келиб чиқиши, қурбонлар сони яна ошиб кетиши мумкин эди», – дейилган УЕФА ҳисоботида. 

Фожиа оқибатида 39 киши ҳалок бўлди. Улардан 32 киши италиялик, 4 нафари бельгиялик, икки француз ва бир ирландиялик эди. 600 нафарга яқин ишқибоз турли даражада тан жароҳатлари олди. Ушбу фожиада нафақат мухлислар, балки УЕФАнинг ҳам айби катта. Ташкилот финални умуман хавфсизлик талабига жавоб бермайдиган «Эйзель» стадионида ўтказишга розилик берганди. 

Шунингдек, Брюссель полицияси бу воқеанинг олдини олиш имкониятига эга эди. Финал учрашувидан бир неча кун олдин Брюссель полициясига инглиз ҳамкасбларидан факс келади. Унда Англияда безорилиги билан ном қозонган ва махсус руйхатга олинган фанатлар ҳақида маълумот  кўрсатилганди. Хатда ёзилишича, бир йил олдин Римда бўлиб ўтган «Рома» ва «Ливерпуль» ўртасидаги финал олдидан маҳаллий полиция худди шу мазмундаги маълумотни олган ва тўғри фойдаланиб учрашувни тўғри ташкил қила олган. Брюссель полицияси эса ушбу маълумотни тўлиқ ўрганмади ва инглиз ҳамда итальян фанатларини ёнма-ён жойлаштирди.

Фото: Stuart Franklin/Magnum Photos

УЕФА текшируви англиялик фанатларни расман айбдор деб топди. Инглиз клубларини Европа майдонларидан четлаштириш бошланди. Дастлаб, «Ливерпуль» раҳбарияти жамоа еврокубокларда қатнашмаслигини маълум қилди. Кейин эса Буюк Британия ҳукумати барча жамоаларга навбатдаги мавсумда еврокубокларда иштирок этишга рухсат бермаслигини билдирди. ФИФА бошқа давлат клубларига инглиз клублари билан ҳар қандай шартнома имзолашни тақиқлади. УЕФА эса дастлаб «Ливерпуль»ни 3 йилга, кейин эса бутун инглиз жамоаларини номаълум муддатга мусобақалардан четлаштирди. Фақатгина 6 йил ўтибгина, инглиз жамоалари еврокубокларда ўйнай бошлади.

«Ювентус» афсонаси Паоло Росси эслайди:

Фото: AP

«Ҳатто ҳозир ҳам, орадан бир неча йил ўтган бўлса-да, бу воқеа ҳақиқатдан ҳам бўлганига ишонгим келмайди. Мен қатнашган ўйин учун кимнингдир вафот этганини мияга сиғдириш жуда қийин. Ўша кундан бери деярли ҳар куни ўлганлар учун дуо қиламан. Ўша воқеадан кейин, ўша соврин мен учун ҳеч қандай аҳамиятга эга эмас. Мен жаҳон чемпиони бўлдим, Скудеттони ютдим, бу ҳақида мақтана оламан, аммо Чемпионлар кубоги совринини мен ўз хотирамдан ўчириб юбордим. Ўша финалдан кейин мен яна кўп ўйнадим, лекин «Милан»даги фаолиятимда мен эмас, соям ўйнагандек. Ёшлик йилларим каби кўп жароҳат ола бошладим ва ҳеч қачон олдинги савиямга чиқа олмадим. Ўша оқшом менинг футболчи сифатидаги фаолиятим тугаганди, десам муболаға бўлмаса керак».

- Ўша фожиани тўхтата оладиган куч ўша оқшом йўқ эди, - деб ҳикоя қилади «Ливерпуль» фан клуби етакчиларидан бири Жералд Маккинли, - бундай безориликлар нафақат Англияда ёки инглиз клублари иштирокидаги ўйинларда, балки бутун Европада жуда кўп кузатилаётган даврлар эди. Бу гўёки бошқарувчиси йўқ поездни тўхтатишга ҳаракат қилишга ўхшарди. Қачондир бунга чек қўйилиши аниқ эди ва «Эйзел»даги воқеадан сўнг бу ҳолат анча камайди. Афсуски, қурбонлик жуда катта эди.

Орадан шунча йил вақт ўтган бўлса-да, фожианинг туб сабаблари аниқлангани йўқ. «Ливерпуль» фанатларининг бу ҳаракати олдиндан режалаштирилганмиди? Туринлик фанатлар томонидан провакация амалга оширилганми? Ҳатто инглизлар томонидан бошқа версия ҳам илгари сурилган. Гўёки, бу акцияни бошқа клуб фанатлари амалга оширган. Яъни «Юве»нинг ашаддий рақиби бўлган «Торино» клуби фанатлари «Ливерпуль» кийимида ташкил қилганлар. Афсуски, ҳеч ким бунга аниқ жавоб бера олмайди. Ҳеч ким ичида 9 ёшли болакай ҳам бўлган 39 кишини ҳаётга қайтаришга қодир эмас.

Фото: Getty Images

Футбол ажойиб ўйин. Шу билан биргаликда ҳис-туйғуни бошқарадиган ўйин. Эмоциясиз футболни тасаввур қилиш қийин. Шуни унутмаслик керакки, инсон ҳеч қачон туйғулари қулига айланмаслиги керак. Ўз эркини ўткинчи туйғулари ихтиёрига топширган инсон эса жамият учун ҳам, ўзи учун ҳам катта хавф туғдиради.

«Ювентус» (Турин, Италия) - «Ливерпуль» (Англия)  1:0

29.05.1985. Брюссель. 60 000 томошабин

Ҳакам А. Дайна (Швейцария)

«Ювентус»: Таккони, Фаверо, Кабрини, Бонини, Брио, Ширеа, Бриаши (Пранделли,84), Тарделли, Росси(Виньола,89), Платини, Бонек.

Мураббий: Жованни Трапаттони.

«Ливерпуль»: Гроббелар, Нил, Беглин, Лоуренсон(Гиллеспи,3), Никол, Хансен, Далглиш, Уилан, Раш, Уолш (Жонстон,46), Уарк.

Мураббий: Жо Феган.

Гол: Платини(57, пенальтидан).

Қаҳрамон Асланов

Мавзуга оид