КЖЧ. 1/8 финал
«Реал» — «Ювентус» 1:0
1 июл. Майами. «Ҳард Рок»
Гол: Гонсало Гарсия (54).
«Реал» — Куртуа, Трент, Рюдигер, Ҳаусен, Фран Гарсия, Чуамени, Валверде (Себаллос, 90), Гулер (Модрич, 77), Беллингҳэм, Винисиус, Гонсало Гарсия (Мбаппе, 68).
«Ювентус» — Ди Грегорио, Калулу, Ругани (Гатти, 86), Келли (Гонсалес, 59), Кошта, Локателли (Маккенни, 86), Тюрам, Камбиязо, Консейсау (Костич, 59), Йилдиз (Копмейнерс, 71), Коло-Муани.
Огоҳлантириш: Беллингҳэм (86).

«Реал»нинг «Ювентус» билан ўйини — 1/8 финалнинг сўнгги кунидаги десертдек бўлди. Ошқозонидаги оғриқ туфайли гуруҳ босқичини ўтказиб юборган Мбаппе бу сафар ўйин қайдномасига киритилди ва захира ўриндиғидан жой олди. Бошланғич таркибда эса яна клублар ўртасидаги жаҳон чемпионатининг кашфиётларидан бири – Гонсало Гарсия тушди. «Қаймоқранглилар»нинг 21 ёшли тарбияланувчиси 5-3-2 (ёки 3-5-2) тактик схемасида Винисиус Жуниор билан ҳужум жуфтлигини ҳосил қилди. «Ювентус» эса 5-4-1 схемасидан фойдаланди, бунда ҳужум учида Коло Муани ҳаракат қилди.

«Реал» биринчи бўлимда тўпга кўпроқ вақт давомида эгалик қилди (43 га қарши 57), аммо анча вақтгача хавфли вазиятлар ярата олмади. Хаби Алонсо шогирдларига ҳужумларни ривожлантиришда жамоавий тезлик етишмади. Бу камчиликни Винисиус Жуниор индивидуал ҳаракатлари билан тўлдиришга ҳаракат қилди, аммо унинг қанотдан қочиб кетишга уринишлари муваффақиятсиз чиқди.

«Ювентус» эса «Реал»дан чўчимади ва ўйиндаги илк зарба муаллифи Кенан Йилдиз бўлди. Еттинчи дақиқада туринликлар илк голли вазиятни ҳам яратишди. Трент тўп йўқотишидан кейин Коло Муани Йилдизга товонида пас бериб, ўзи олдинга ташланди ва жарима майдонига кириб бориб, Куртуа билан яккама-якка вазиятда зарба йўллади, аммо тўп дарвозабоннинг ҳам, дарвоза тўсинининг ҳам устидан ўтиб кетди.

«Реал»нинг бу ўйиндаги асосий қуроли узоқ масофадан берилган зарбалар бўлди. Фақат ўйиннинг ярим соати ўтгандагина Алонсо жамоаси «Ювентус» мудофаасини ёриб ўтиб, илк голли вазиятини яратди. Беллингҳэм яқин масофадан зарба йўллади, аммо дарвозабон Ди Грегорио «кекса синиора»ни қутқариб қолди.

Бўлимнинг охирги қисмини «Реал» футболчилари кучли ўтказишди. Ўнг қанотда Трент Гулер билан ўрин алмашиб ўйнаб, босим уюштиришди. Валверде жарима майдони ташқарисидан хавфли зарба йўллади – туринликлар дарвозабони яна бир бор ўзини кўрсатди. «Ювентус»нинг чарчаган футболчилари бу вақтда қарши ҳужумга ўтишни бас қилишганди.