H гуруҳи
«Реал» – «Ал Ҳилол» 1:1
«Hard Rock» стадиони, 65 326 томошабин.
Голлар: Гонсало Гарсия 34 – Рубен Невеш 41, пен.
Аниқ ижро этилмаган пеналти: Валверде, 90+2.
«Реал» – Куртуа, Трент (Лукас, 65), Ҳаусен, Асенсио (Гулер, 46), Фран Гарсия, Чуамени, Валверде, Беллингҳэм (Модрич 84), Родриго (Диас, 65), Гонсало Гарсия, Винисиус (Васкес).
«Ал Ҳилол» – Буну, ал-Тамбакти, Кулибали, Лоди (Ал-Арби 83), Канселу (Ал-Ями), Невеш, Милинкович-Савич, Салим ал-Довсари, Носир ал-Довсарий, Малком (Ал-Қаҳтоний), Леонарду (ал-Жувайр).
Огоҳлантиришлар: Винисиус Жуниор 15  – Рубен Невеш 89, Ал-Каҳтоний 90, Ал-Арби 90.

Хаби Алонсо «Реал» бош мураббийи сифатидаги дебют ўйинини ўтказди. Унга бу ўйин арафасида бетоб бўлиб қолган Мбаппе ёрдам беролмади. Умуман олганда, йўқотишлар бир талай: Рюдигер, Алаба, Менди, Камавинга, Эндрик ўйнай олмайди.

Қолаверса, клублар ўртасидаги жаҳон чемпионатида гуруҳдаги илк рақиб ҳам анойи эмасди — Буну, Кулибали, Лоди, Канселу, Невеш, Милинкович-Савич ва Малком каби юлдузларни жамлаган «Ал-Ҳилол»ни яқинда Симоне Индзаги қабул қилиб олганди. У шу куни фақат ҳужумчи Митровичнинг хизматидан фойдалана олмасди. Шундай экан, мадридликларни жуда қийин ўйин кутаётганди.

Алонсо «Реал» учун одатий бўлган 4-3-3 схемасини танлади. Марказда Ҳаусен-Асенсио жуфтлиги, қанотларда Фран ва Трент ўйнади. Ҳужум марказида эса илк дақиқаларданоқ 21 ёшли Гонсало пайдо бўлди. У бунгача «Реал» сафида фақат бир неча ўйинда захирадан тушиб ўйнаганди, шу билан бирга, Испания кубоги чоракфиналида «Леганес»га қарши ўйинда (3:2) ғалаба голини урганди.

Саудия клуби ўйинни анча фаолроқ бошлади ва 27-дақиқагача зарбалар бўйича 8:2 кўринишида устунликка эришди. Тўпга эгалик қилиш бўйича ҳам (41 фоизга фарши 59), бурчак зарбалари бўйича ҳам (4:0), кутилган голлар кўрсаткичи бўйича ҳам (0,09 xG га қарши 0,61 xG) айнан саудияликлар яққол устун эди.

Куртуа рақибнинг илк ҳужумидаёқ Милинкович-Савичнинг зарбасини қайтариш учун ўзини кўрсатишига тўғри келди, Маркос Леонардо бир неач метр масофадан туриб хато зарба йўллади, «Атлетико»нинг собиқ ҳимоячиси Ренан Лоди эса дарвозани ишғол қилди ҳам, аммо гол офсайд туфайли бекор қилинди. Винисиус эса 15-дақиқадаёқ симуляция учун сариқ карточка олди. Майдондаги воқеаларни трибунадаги Флорентино Переснинг ғамгин ва бироз жаҳли чиққан юзи яққол ифодаларди.