Жаҳон | 07:51 / 29.05.2018
2831
1 дақиқада ўқилади

Кубада тошқинлар сабабли минглаб одамлар эвакуация қилинди

Фото: REUTERS

Кубанинг марказий қисмида бир неча кундан бери давом этаётган кучли ёмғирлар оқибатида юз берган тошқинлар 11 минг кишининг эвакуация қилинишига олиб келди. Бу ҳақда 28 май куни Кубанинг Prensa Latina агентлиги маълум қилди. 

Кучли ёмғирлар сабабли дарё ва сув омборларидаги сув сатҳи кескин кўтарилган. Мамлакат бош автомагистралларининг баъзи қисмлари сув остида қолиб, транспорт қатновини тўлиқ тўхтатган. Шунингдек, темир йўл алоқаси ҳам издан чиққан. 

Ёмғирлар Куба яқинидаги Мексика кўрфазида бир неча кун “Альберто” субтропик тўфони ҳукм сургани сабабли чақирилган. 28 май куни тўфон маркази АҚШнинг Флорида штатига етиб борди.

Кубанинг Санкти-Спиритус вилоятида мамлакатдаги энг йирик дарёлардан бири Саса қирғоқларидан тошган. Бундан ташқари, қишлоқ хўжалигига зарар етган. 

Об-ҳаво мутахассисларининг прогнозларига кўра, кучли ёмғирлар камида яна бир кун давом этади.

Шуҳрат Раҳимов
Тайёрлаган Шуҳрат Раҳимов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид