Ўзбекистон | 18:50 / 29.05.2018
272007
2 дақиқада ўқилади

Шавкат Мирзиёев Ботир Парпиев нега ишдан олинганини айтди

Фото: Давлат солиқ қўмитаси

Ўзбекистон Республикаси президенти Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтмоқда. Бу ҳақда Kun.uz мухбири хабар берди.

«Экспортни қилмаган одам эртага биз билан ишлай олмайди. Бу ўша раҳбар ҳозирги шароитга муносиб эмаслигидан далолат беради. 1 доллар экспорт қилмаган раҳбар боши билан жавоб беради. Об-ҳаво шароити оғир бўлишини ҳам йил бошида айтиб, тегишли топшириқлар берганмиз. Импорт қандай давом этаётган бўлса, шундай давом этмоқда. Прокуратура менга ҳеч кимни жавобгарликка тортиш бўйича таклиф бергани йўқ. Яна бир муҳим масала - маҳаллий бюджетга тушум ҳажми. Давлат солиқ қўмитаси раҳбарини (Ботир Парпиев - таҳ.) алмаштирганим бежиз эмас, сабаби бизда солиқ тизими йўқ. Ҳали иш кўп. 

Солиқда ҳам кўп ўйинлар бўлгани, раҳбарияти қандай ишлар билан шуғулланганидан ҳайрон қолдим. Ҳали уни ҳам халқимизга етказамиз. Ана шуларни ҳисобга олиб, энди тегишли масъул ходимлар ҳар куни экспорт-импортдан ташқари, тушум билан икки соатдан шуғулланмаса, тушумда тартиб бўлмайди. Солиқчининг савияси йўқ, десак бу ҳам адолатдан бўлади. Шунинг учун бугун топшириқ бердим, тегишли қарор тайёрланади, ҳаммасини нолдан бошлаш керак - солиқ тизимидаги Академияни ҳам, бошқасини ҳам. Қуйи поғонадаги солиқчилар нима қилиш керак, қандай ишлаш кераклигини билмайди. 70 фоизи коррупция билан боғлиқ, мана шуни ҳамма билиши керак», - дея айтиб ўтди Шавкат Мирзиёев.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ботир Парпиевга алоқадор шахслар ишдан олинаётгани хабар берилганди.

Мавзуга оид