Ўзбекистон | 09:59 / 30.05.2018
6220
4 дақиқада ўқилади

Янги қарор: “Ўзагросервис” “Ўзагротехсаноатхолдинг” ташкилий тузилмасидан чиқарилади 

Ўзбекистон Республикаси президенти “Қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқарувчиларга механизация ва сервис хизматларини кўрсатиш самарадорлигини ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорни имзолади. Ҳужжат матни ЎзАда эълон қилинган.

Ҳужжат билан Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари – Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг Ташқи савдо фаолиятини, экспорт салоҳиятини, машинасозлик, автомобиль, электротехника, мудофаа, пахтани қайта ишлаш саноатини, енгил саноатни ривожлантириш, маҳсулотларни стандартлаштириш масалалари комплекси раҳбарига (Н.С.Отажонов) Ўзбекистон Республикаси президентининг 2016 йил 17 ноябрдаги ПҚ–2658-сон “Ўзагротехсаноатхолдинг” акциядорлик жамияти фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори 7-бандининг “Автосаноат Агротехсервис” МЧЖ ва “Ўзагросервис” АЖ машина-трактор парклари тизимини оптималлаштириш қисми бажарилмаганлиги қатъий кўрсатиб ўтилди. 

“Ўзагросервис” АЖ “Ўзавтосаноат” АЖ ва “Агробанк” АТБ билан биргаликда икки ой муддатда “Автосаноат Агротехсервис” МЧЖ ва “Ўзагросервис” АЖ машина-трактор парклари тизимини оптималлаштириш бўйича ҳукумат қарори лойиҳасини Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига киритсин ва оптималлаштиришнинг барча жараёнларини 2018 йилнинг 1 октябрига қадар якунлайди. 

Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги, Молия вазирлиги, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси, “Ўзагротехсаноатхолдинг” АЖ, “Ўзавтосаноат” АЖнинг: 

2018 йил 1 июлдан “Ўзагросервис” АЖни “Ўзагротехсаноатхолдинг” АЖ ташкилий тузилмасидан чиқариш; 

“Ўзагросервис” АЖ устав жамғармасидаги “Ўзагротехсаноатхолдинг” АЖга тегишли бўлган улушни “Ўзагротехсаноатхолдинг” АЖ устав жамғармасини ўтказилаётган улушнинг баланс қийматига камайтирган ҳолда давлат тасарруфига ўтказиш тўғрисидаги таклифлари маъқулланди. 

Ўзбекистон Республикаси Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси “Ўзагротехсаноатхолдинг” АЖ ва “Ўзагросервис” АЖ билан ҳамкорликда икки ой муддатда “Ўзагросервис” АЖни “Ўзагротехсаноатхолдинг” АЖнинг ташкилий тузилмасидан чиқиши билан боғлиқ барча ташкилий чора-тадбирлар кўрилишини таъминлайди. 

Белгиланишича: 

“Ўзагросервис” АЖ Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг Ташқи савдо фаолиятини, экспорт салоҳиятини, машинасозлик, автомобиль, электротехника, мудофаа, пахтани қайта ишлаш саноатини, енгил саноатни ривожлантириш, маҳсулотларни стандартлаштириш масалалари комплекси таркибига киради; 

“Ўзагросервис” АЖ бош директори жамият акциядорларининг умумий йиғилиши томонидан сайланади, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан лавозимига тасдиқланади ва мақомига кўра вазирга тенглаштирилади; 

“Ўзагросервис” АЖ бош директори ўринбосарлари жамиятнинг Кузатув кенгаши томонидан сайланади, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан лавозимига тасдиқланади ва мақомига кўра вазир ўринбосарига тенглаштирилади. 

“Ўзагросервис” АЖ икки ой муддатда: 

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоят ҳокимликлари ҳамда Ўзбекистон Республикаси Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси билан биргаликда “Ўзагросервис” АЖ ташкилотларининг бўш турган ва фойдаланилмаётган бинолари ва иншоотларини тўлиқ хатловдан ўтказсин ҳамда уларни ташкилотларнинг Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети ва давлат мақсадли жамғармалари олдидаги қарздорликларини тегишли равишда камайтирган ҳолда баланс қиймати бўйича маҳаллий давлат ҳокимияти органларига ўтказиш тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритади;

“Ўзагротехсаноатхолдинг” АЖ, Ўзбекистон Республикаси Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси, тижорат банклари билан ҳамкорликда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига машина-трактор паркларининг “Ўзагротехсаноатхолдинг” АЖ ва унинг таркибига кирувчи ташкилотлар кафиллигида тақдим этилган кредитлари бўйича мажбурият таъминотини (кафиллик, мол-мулк гарови) алмаштириш тўғрисида таклифлар киритади. 

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид