Ўзбекистон | 12:45 / 01.06.2018
45655
2 дақиқада ўқилади

Имомали Раҳмон Ўзбекистонга қачон келиши маълум бўлди

Фото: Тожикистон президенти матбуот хизмати

Тожикистон ҳукуматининг Душанбедаги қароргоҳида 31 май куни тушдан кейин Тожикистон бош вазири Қоҳир Расулзода ва Ўзбекистон Республикаси бош вазири Абдулла Ариповнинг учрашуви бўлиб ўтди. Бу ҳақда АП хабар бермоқда.

Томонлар икки мамлакат ўртасида иқтисодиёт, хавфсизлик, маданият, ижтимоий ва аграр секторни ривожлантириш, энергетика, саноат соҳаларида ҳамкорликни мустаҳкамлаш масалаларини муҳокама қилдилар.

Жорий йилнинг март ойида Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг Тожикистонга давлат ташрифи чоғида Душанбе ва Тошкент ўртасида имзоланган битимларнинг бажарилишига алоҳида эътибор қаратилди.

Шунингдек, Тожикистон президенти Имомали Раҳмоннинг жорий йил кузида Ўзбекистонга амалга оширадиган давлат ташрифига тайёргарлик масалалари муҳокама қилинди.

Тожикистон президентининг Ўзбекистонга бўлажак ташрифи икки мамлакатнинг барча соҳалардаги алоқаларини ривожлантиришга янги туртки беришига ишонч билдирди.

Томонлар бугун Душанбе шаҳрида бўлиб ўтадиган МДҲ Давлат раҳбарлари кенгашининг мажлисида кун тартиби, минтақа мамлакатлари ўртасида муносабатларни ривожлантириш масалалари юзасидан фикр алмашишди.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Абдулла Арипов Тожикистонга бориши хабар қилинганди.

Мавзуга оид