Ўзбекистон | 20:57 / 01.06.2018
5617
2 дақиқада ўқилади

Навбат киносаноатга: Миллий киносаноатни такомиллаштиришга доир қонун лойиҳаси муҳокамага қўйилди

Фото: KUN.UZ

Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Миллий киноиндустрияни такомиллаштиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори лойиҳаси тайёрланди. Президент матбуот хизматида шу ҳақида хабар берилди. 

Лойиҳада кинематография соҳасини янада ривожлантириш, кино маҳсулотини ишлаб чиқариш давомида  кинокомпанияларни танлашда шаффофликни таъминлаш, малакали кадрларни тайёрлаш, миллий кинони дунё кино майдонига интеграция қилиш ва бошқа муҳим масалалар ўз аксини топган.

Қарор лойиҳасида "Ўзбекфильм" АЖ акциядорларининг қонунда белгиланган тартибда чиқарилишини ҳисобга олиб, "Ўзбекфильм" давлат унитар корхонасига айлантириш, "Республика кинопрокат маркази" давлат унитар корхонасининг филиалларини ташкиллаштириш, "Ўзбекистон кино арбоблари ижодий иттифоқи" давлат муассасасининг қайтадан ташкил қилиниши кўзда тутилган.

Ҳужжатга мувофиқ, 2019 йилнинг 1 январидан бошлаб "Ўзбеккино" бадиий кенгаши мамлакатдаги ижтимоий-сиёсий, ижтимоий-иқтисодий, маданий-гуманитар ва бошқа соҳалардаги ислоҳотлар ва вазият, шунингдек аҳолининг реал талабидан келиб чиқиб, киномаҳсулотларнинг йиллик режасини ишлаб чиқади. 

Шунингдек 2018 йилнинг 1 июлидан эътиборан мамлакат кинотеатрларида маҳаллий бадиий фильмлар намойиши ҳажмларини квоталаш тизими киритилади. 

Қарор лойиҳасида 2018-2019 ўқув йилидан Санъат ва маданият институтида "Кинодраматург" ва "Кинорежиссер" таълим йўналишлари бўйича "Кино санъати" факультети ташкил қилиш кўзда тутилган.

Бундан ташқари, "Ўзбеккино" қошида киносаноат соҳаси ходимларини қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш маркази ишга туширилиши қайд этилган.

Қарор лойиҳаси кенг жамоатчилик муҳокамаси учун “Қонун ҳужжатларининг таъсирини баҳолаш тизими” порталига жойлаштирилган. Лойиҳа билан батафсил танишиш ва унга изоҳлар қолдириш учун regulation.gov.uz/uz/documents/index'га ўтиш тавсия этилади. 

Мавзуга оид