Жаҳон | 08:12 / 01.06.2018
13984
2 дақиқада ўқилади

Рамзон Қодиров Ироқдан қарийб 100 нафар бола олиб келинишини маълум қилди

Фото: Алексей Никольский/ТАСС

Чеченистон раҳбари Рамзон Қодировнинг маълум қилишича, Ироқдан Россияга 94 нафар бола олиб келинади. Улар ушбу мамлакатда узоқ муддатли қамоқ жазосига ҳукм қилинган аёлларнинг фарзандларидир. Бу ҳақда у ижтимоий тармоқдаги расмий саҳифасида ёзган.

«Мураккаб юридик масалаларни ҳал қилиш билан боғлиқ кичик танаффусдан сўнг, Россиядаги уйига 94 бола қайтарилади. Улар Ироқ ҳукумати томонидан узоқ муддатли қамоқ жазосига ҳукм этилган аёлларнинг фарзандлари», - дея ёзган Қодиров.

Чеченистон раҳбарининг айтишича, Россияга болалар икки босқичда олиб келинади. Биринчи гуруҳда 49 бола бўлади, улардан 25 нафари жорий йилнинг июнида олиб келинади - улар бўйича чегарани кесиб ўтишга доир барча керакли ҳужжатлар тайёрланган. Қолганлар бўйича эса ҳозирги вақтда тегишли юридик жараёнлар олиб борилмоқда. Иккинчи босқичда Россия ташқарисида туғилган болаларни қайтариш режалаштирилган. Қодировнинг таъкидлашича, бу жараён «жуда мураккаб» саналади.

Шунингдек, унинг айтишича, Чеченистон ҳукумати болаларнинг қариндошларига ДНКга тест топшириш таклифи билан мурожаат этишни режалаштирмоқда - у боланинг фуқаролиги фактини ўрнатиш ва қайтариш жараёнини енгиллаштиришда ёрдам беради. Қодировнинг қўшимча қилишича, Россия томонида Ироқ билан келишув бор, унга кўра маҳаллий ҳокимият Ироқдаги оилаларга рус тилида сўзлашувчи болаларни боқиб олишга рухсат бермаслиги лозим. 

Чеченистон раҳбари маълумотларига кўра, Ироқда айни дамда россиялик 49 нафар аёл қамалган. 21 нафари умрбод озодликдан маҳрум этилган бўлса, икки нафари ўлим жазосига ҳукм қилинган, яна 26 аёл суд қарорини кутмоқда.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Франция Рамзон Қодировнинг позицияси бўйича баёнот берганди.

Мавзуга оид