Жамият | 22:26 / 04.06.2018
24443
5 дақиқада ўқилади

Тенгсиз фалсафа: “Болани ичингда яхши кўр”

Республика маҳаллалар кенгаши билан ҳамкорликда ўтказилган амалий конференциядан сўнг оммавий ахборот воситаларида, интернет сайтларида “Ишонасизми, у йиғлади, хотини урармиш”, номида кичик маълумот берилди ва бу кўпчиликнинг эътиборини тортди. Кимдир ишониб-ишонмади, кимдир кулса, кимдир ачинди, яна кимдир ажабланди. Яна кимлардир, бунинг сабаби нимада экан, деб ўйлаган бўлса, ажабмас.

Хўш, ҳақиқатан ҳам, хотин эрини нега уради? Иккиси ҳам ҳали ёш бўлса, оилада яшаш учун шароити бор, ўртада бир нафар фарзанд бўлса? Бир қараганда, бунга ишониш қийин, лекин бу бор гап ва йиғилишда ушбу масалага эътибор қаратилгани ҳам бежиз эмас.

Ҳамма гап бугун оила қурган айрим ёшларнинг масъулиятсизлиги ва ҳали оила қуришга тайёр бўлмаган ҳолда уйланганидадир. Юқорида келтирилган ҳолатда ҳам эр уйлангунига қадар ҳам, ундан сўнг ҳам ҳеч қаерда ишламаган, бирон-бир касб-кори йўқ ва табиийки, ота-онаси қарамоғида бўлиб, оила таъминоти билан умуман шуғулланмаган. Бунинг устига у мустақил фикрга эга эмас, бирон-бир масалани ўзи ҳал этмаган, ҳатто хотини ёки фарзанди учун оддий пайпоқ олиб беришни ҳам ота-онасидан сўраб, ҳал қилган. Устига-устак на хотинига ва на фарзандига меҳр кўрсатган, уларнинг нима еб, нима ичаётгани билан мутлақо қизиқмаган, аксинча, эрдан ажрашган бир аёл билан топишиб олиб, унинг уйига бориб-келиб юраверган.

Хўш, энди ўзингиз хулоса қилинг: бундай эрнинг хотини олдида қандай обрўси-ю, оилада қандай ўрни бўлиши мумкин?!

Албатта, эрнинг бундай аянчли аҳволга тушиб қолишининг қатор сабаблари бор. Аниқроқ айтганда, бунинг асосий сабабини у ўсиб-улғайган оиладан изласак, тўғрироқ бўлади. Яъни, ўғил оилада ёлғиз фарзанд, ота-онанинг эркаси бўлиб вояга етган, ҳали оила қуришга тайёр бўлмасдан туриб, ота-онанинг хоҳиш-истаги бўйича уларнинг “орзу-умидлари”ни рўёбга чиқариш учун уйланган.

Албатта, бу ўринда биз ота-онани айблаш фикридан йироқмиз, чунки ҳаётда бирон-бир ота-она фарзандим бахтсиз бўлсин, дея ният қилмайди.

Мақсад — фарзанд тарбиясига эътиборсизлик билан қараш, фақатгина боланинг моддий таъминлаш билан шуғулланиш қандай оқибатларга олиб келишини  қайд этиш ва энг асосийси, ҳаётда ана шундай ҳолат қайта рўй бермаслигининг олдини олишдир.

Фарзанд тарбияси, унинг одоб-ахлоқи ҳақида гап кетганда, бу халқимизда минг йиллар давомида шаклланиб, юксак қадриятга айланганини таъкидлашни истардик.

Ахир, ота-боболаримиз бежизга “болани ичингда яхши кўр”, яъни яхши кўрганингни болангга билдирма, деб айтмаган. Бу ҳикмат замирида таъбир жоиз бўлса, фарзанд тарбияси билан боғлиқ тенгсиз фалсафа бор. Чунки ҳали болалигидан талтайиб, эрка ва тантиқ бўлиб ўсган фарзанд вояга етганда, ҳеч шубҳасиз, худбин, яъни фақат ўз манфаатини ўйлайдиган, бошқаларнинг фикри, ҳақ-ҳуқуқи билан ҳисоблашмайдиган кимсага айланиши тайин. Шунингдек, ёшлигидан меҳнатга ўрганмаган боланинг катта бўлганида меҳнатга бўйни ёр бермайди.

Шундан хулосага келиш мумкинки, биринчидан, ҳамма гап оилавий тарбия ва ёшларни оила қуришга тайёрлашга бориб тақалади. Яъни, ёшларнинг бошини қовуштиришдан олдин улар оила қуришга тайёр ёки тайёр эмаслигини аниқлаш лозим. Аввало, ҳар бир ота-она фарзандини уйлантиришдан олдин унинг қалбига эрнинг оиладаги ўрни, хотин ва фарзанд олдидаги бурчи ҳамда масъулиятини теран сингдириши лозим ва шарт.

Иккинчидан, ҳар бир эр — оила бошлиғидир ва у - “Эркак, — Абу Ҳомид Ғаззолий  ҳазратлари қайд этганларидек, хотинга мулойим ва чиройли хулқлар билан муомала қилишда салобатли ва обрўйини йўқотмаслиги ҳам хотиннинг эрдан талаб қилиши мумкин бўлган ҳақлари жумласига киради. Чунки эр, хотини олдида обрўйини йўқотса, хотин ҳавойи нафсига берила бошлайди. Шу тариқа хотиннинг ахлоқи издан чиқади. Эрни менсимай қўяди. Ана шунинг учун ҳам эркак, хотинига нисбатан хушмуомалада мувозанатни йўқотмаслиги, унинг олдида ғурури ва савлатини сақлаб туриши керак...” (“Мукошафат-ул қулуб” рисоласи, 2-жилд, 263-бет)

Шунингдек, Қуръони Каримда келтирилганидек, “Эркаклар хотинлари устида раҳбардирлар”.

Ана шу раҳбарликни тўғри тушуниш лозим. Яъни, раҳбарлик оиланинг юкини елкасига олиш, масъулият ва жавобгарни юракдан ҳис этиш деганидир.

Зеро, қайси оила бошлиғи — эр ўз оиласига ҳақиқий раҳбар бўлса, ўша оилада тинчлик-тотувлик, аҳил-иноқлик ҳамиша барқарор бўлади.

Холмўмин Ёдгоров,
Ўзбекистон Республикаси Олий суди раиси ўринбосари,
Фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати раиси

Мавзуга оид