Жамият | 13:35 / 05.06.2018
19810
2 дақиқада ўқилади

Андижон шаҳрида “Болажон баҳори” нодавлат мактабгача таълим муассасаси  очилди

“Барча қулайликларга эга” деган жумлани кўп ишлатамиз.  Андижон шаҳрининг 5- сон маҳалла фуқаролар йиғинида куни кеча очилган “Болажон баҳори” нодавлат мактабгача таълим муассасаси  ҳақиқатда болажонларнинг сифатли бошланғич билим олишлари, соғлом улғайишлари учун барча қулайликларга эга экан. 

Очилиш маросимида вилоят ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов иштирок этиб, муассасада яратилган шароитлар билан танишди. 

Муҳташам бино, малакали мутахассислар жамоаси, замонавий техника воситалари ва жиҳозлар билан таъминланган ўқув хоналари, ошхона, покиза санузель, сайр қилиш учун экобоғ, сузиш ҳавзаси, жонли бурчак барчаси болажонлар хизматида.  
Асли касби педагог-психолог бўлган серғайрат тадбиркор Умидахон Ашурованинг ҳаракати билан қисқа муддатларда муҳташам бино барпо этилди. 100 нафар  болаларни қамраб олиш имкониятига эга муассаса биносини барпо этиш ва жиҳозлаш учун 2 миллиард 260 миллион сўм маблағ сарф этилди. Уларнинг барчасини тадбиркор ўз ҳисобидан амалга оширди.

Масканда таълим Жанубий Корея тажрибаси усулида олиб борилмоқда. Ҳар бир гуруҳдаги болалар сони 15 нафардан ошмайди. Рус, инглиз тиллари чуқур ўргатилади ва расм, бадиий гимнастика, сузиш, рақс тўгаракларида малакали мутахассислар машғулот ўтмоқда.

Бир сўз билан айтганда,  болаларнинг кенг дунёқараш эгаси ва бугунги замон кишиси бўлиб улғайишлари учун муассасада барча имкониятлар яратилган. 

KUN.UZ мухбири Элмурод Эрматов, Андижон
 

Мавзуга оид