Жамият | 02:30 / 05.06.2018
30411
2 дақиқада ўқилади

Тошкентдаги “Бўрижар” жоме масжиди таъмирдан чиқарилди (видео)

Бир ерни обод қилиш катта савоб иш. Аллоҳнинг уйи – масжидларни обод этиш эса ундан-да улкан савоб амалдир. Гўзал, чароғон ва кўркам масжидлар мўмин-мусулмонлар қалбида фахр туйғусини янада оширади. Аллоҳ ўз каломи Қуръони каримда шундай марҳамат қилади: “Албатта, Аллоҳнинг масжидларини фақат Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирганлар, намозни тўкис адо этганлар, закотни берганлар ва Аллоҳдан бошқадан қўрқмаганларгина обод қилурлар. Ажаб эмаски, ана ўшалар ҳидоят топгувчилардан бўлсалар”. (Тавба сураси, 18-оят).

Бугун Ўзбекистоннинг турли ҳудудларида бунёдкорлик ва ободончилик ишлари олиб борилмоқда. Бу таърифни масжидлар қурилиши ва қайта таъмирланишига нисбатан ҳам ишлатса бўлади. Хусусан, пойтахтда жойлашган “Бўрижар” жоме масжидида олиб борилган ана шундай хайрли ишлар бугун бу масканнинг янада файзли бўлишига туртки бўлди.

Таъмирдан чиқарилган масжиднинг ички қисми дид билан безатилган, девордаги ранглар уйғунлигига эътибор қаратилган. Гумбаз ости нақшлари инсон боласи қўл меҳнатининг олий намунаси ўлароқ ўзгача тароват таратиб турибди. Масжид намозгоҳи кенг ва ёруғ. У ерда махсус ташкил этилган жавонда диний-маърифий китоблар намозхонлар фойдаланиши учун қатор тахлаб қўйилган. Хуллас бу ер Яратганга ибодат қилиш учун барча шароитлар мужассам Аллоҳнинг уйига айланган.

Бунёдкорлик иши мўмин-мусулмонларга хос одат. Чунки бунёдкорлик ортидан ўша юртда ободлик келади, барака ва файз ёғилади. Баракали ва файзли жамиятдан эса ёмонлик ҳамда бахтсизлик кўтарилади: одамлар тинч-хотиржам, қалблардаги иймон янада мустаҳкам бўлади.

Мавзуга оид