Жаҳон | 12:04 / 06.06.2018
4356
3 дақиқада ўқилади

Хитой ШҲТ доирасида аксилнаркотик агентлик яратишни таклиф қилди

Фото: AP

Хитой гиёҳванд моддаларнинг трансчегаравий ноқонуний айланмасига қарши самарали курашиш мақсадида Шанхай ҳамкорлик ташкилоти доирасида аксилнаркотик агентлик яратиш ғоясини илгари сурмоқда. Бу ҳақда Хитой жамоат хавфсизлиги вазирлигининг гиёҳванд моддаларга қарши курашиш бошқармаси бошлиғи ўринбосари Вэй Сяоцзюнь маълум қилди.       

“Агентлик ШҲТга аъзо давлатларнинг гиёҳванд моддаларга қарши курашиш, разведка маълумотлари билан алмашиш, ҳуқуқ-тартибот идораларининг қўшма амалиётлари ва ходимларни машқ қилдириш бўйича саъй-ҳаракатларини уйғунлаштириши кутилмоқда”, деб маълум қилган Вэй Сяоцзюнь China Daily нашрига.

Сяоцзюнь янги идора ташкил этилиши муддатини маълум қилмаган, бироқ Хитой хавфсизлик хизмати ШҲТ давлатларидан ҳамкасблари билан музокаралар ўтказишга тайёрлигини таъкидлаб ўтган. Сяоцзюннинг айтишича, жорий йилнинг иккинчи ярмида ШҲТ давлатлари гиёҳванд моддалар ва уларни осон тайёрлаш мумкин бўлган кимёвий моддаларни айланмадан тортиб олиш бўйича биргаликда амалиётни ўтказади.

“Гиёҳванд моддалар ишлаб чиқариш ва улар айланмаси, трансчегаравий уюшган жиноятчилик, ноқонуний молиявий оқимлар, коррупция ва террорчилик – жиноятчиликнинг бу турлари бир-бири билан яқиндан боғланган ҳамда дунё ва минтақадаги барқарорлик ва тараққиётга жиддий путур етказади”, деб қўшимча қилган Хитой вакили.   

Унинг таъкидлашича, Хитой минтақада гиёҳванд моддалар савдоси, жумладан гиёҳванд моддалар ишлаб чиқарилиши ва ташилиши ортидан кузатиш мақсадида ШҲТ давлатлари билан ҳамкорликни илгари суради, ахборот алмашиш учун ҳамкасблар билан мунтазам учрашувлар ўтказади.

Хитой вакилининг айтишича, айни вақтда Хитой гиёҳванд моддалар билан боғлиқ жиддий вазиятга тўқнаш келган. Хитойлик наркодилерлар хорижий гиёҳвандфурушлар билан ҳамкорлик қилади ва жиноий гуруҳларни бошқаради, гиёҳванд моддалар айланмаси эса янада “технологик ва ақллироқ” кўриниш олган.

2012 йилдан бери Хитойда гиёҳванд моддалар билан боғлиқ 860 минг жиноят фош қилинган, умумий ҳисобда 1,12 млн гумонланувчи ҳибсга олинган ва 459 тонна гиёҳванд модда мусодара қилинган.  

Шуҳрат Раҳимов
Тайёрлаган Шуҳрат Раҳимов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид