Жамият | 01:07 / 09.06.2018
21012
7 дақиқада ўқилади

Эр-хотин илмда кучли эди: ҳалаблик ҳукмдорларнинг эътиборига тушган оила

Фото: Fotolia

Биз танишимиз, фахрланишимизга лойиқ аждодларимиздан бири, ўз даврида “Малик ал-уламо” дея таърифланган улуғ ватандошимизнинг тўлиқ исми Алоуддин Абу Бакр ибн Аҳмад ал-Косоний бўлган. Афсуски, бу зотнинг туғилганлик санаси ва ёшлик йиллари ҳақида ҳозирча маълумот йўқ. Унинг вафоти 1191 йилга тўғри келиши тадқиқотчи олимларимиз томонидан аниқланган. Косон – Мовароуннаҳрдаги Шош вилоятининг орқасида, Фарғона водийси минтақаси – Сайхуннинг(Сирдарё) шимолий қисмида жойлашган шаҳарлардан бири (ҳозирги Косонсой). Мана шу шаҳарда туғилгани сабабли унга Косоний нисбаси берилган.

Алоуддин Косоний илм талабида Бухоро шаҳрига келиб, Имом Алоуддин Муҳаммад ибн Абу Аҳмад ас-Самарқандийга шогирд тушган. Маълумотларга кўра, олим устозининг “Туҳватул фуқаҳо” номли асарига шарҳ сифатида китоб ёзиб, туҳфа қилган. Юксак савия ва маҳорат билан ёзилган асардан Алоуддин Самарқандий мамнун бўлиб, етук олима ва фиқҳшунос қизи Фотимани шогирдига никоҳлаб берган экан. Шу сабабли ҳам “устозининг китобини шарҳлаб, қизига уйланди”, деган гаплар ўз даврида тилдан тилга ўтиб юрган. Оила қурилганидан сўнг фиқҳ, ҳадис ва ҳуснихат илмида беназир бўлган Фотима ва Алоуддин Косоний ҳамда бу икки ёш олимларнинг устози Алоуддин Самарқандий ҳаммаслак бўлиб фаолият юритишган.

Алоуддин Косоний тахминан 1146-1148 йилларда Ҳалаб ҳукмдори Нуриддин аз-Зангийнинг ҳузурига элчи қилиб юборилади ва у умрининг охирига қадар ўша ерда яшайди. Косоний Ҳалабда яшаган даврда ҳокимиятни Зангийлар ва Айюбийлар бошқарган бўлиб, мамлакатда илмий муҳит барқарор эди. Косоний бу ерда қисқа вақт ичида катта шуҳрат қозонади ва маҳаллий фақиҳларнинг талаблари билан Нуриддин Зангий томонидан қурдирилган Ҳалавия мадрасасига бош мударрис қилиб тайинланади. Бу улуғ зотдан аввал мадрасада ар-Розий ас-Сарахсий бош мударрис бўлиб, толибларнинг унинг тили бироз чучук бўлгани сабабли ибораларда талаффуз хатоларидан кўнгиллари тўлмас эди. Косонийнинг мадрасада ҳурмати ниҳоятда улуғ эканини, манбаларда таърифланганидек, мударриснинг йўқлигида ҳам унга атаб жойнамоз солиб қўйишгани ва у киши келганидан то туриб кетгунича атрофида ўтиришганидан англаш мумкин. Косоний юксак савияли олим, шу билан бирга ўткир зеҳнли нотиқ бўлган. У илмий баҳсларда турли ақидавий оқимларга қарши аёвсиз мафкуравий кураш олиб борган. Мана шундай мунозараларда аллома ножоиз оқимдаги ҳамсуҳбатларининг номақбул қарашларининг асл мазмун-моҳиятини рад этиб бўлмас далиллар асосида рўй-рост очиб ташлаши ва ҳар бир фикрга ҳақиқий ислом таълимоти асосида холис, ҳаққоний жавоб бера олгани билан атрофидагиларнинг эътирофига мушарраф бўлган.

Шу ўринда Алоуддин Косонийнинг турмуш ўртоғи ҳазрати Фотима ҳақида ҳам батафсилроқ маълумот бериш жоиз бўлар. Чунки бу аёл Шарқда номи чиққан саноқли олима аёллардан. У фиқҳ, ҳадис ва ҳуснихатда беназир бўлган. Ушбу зиёлилар оиласи Ҳалаб шаҳрида умргузаронлик қилаётганида ҳукмдор Нуриддин Зангий томонидан катта эътибор ва илтифот кўрсатилган. Ҳазрати Фотиманинг ақл-заковати ва илмига беҳад ҳурмат билан қараган ҳукмдор айрим муҳим ишларда у билан маслаҳатлашар ва турли фиқҳий масалаларда унинг фикри билан қизиқар эди. Ҳанафий фиқҳ намояндаларидан бирига айланган олима баъзан турмуш ўртоғининг соҳадаги хатоларини тўғрилаб, камчиликларини кўрсатиб бергани, Косоний ҳам унинг фикрларини қабул қилгани манбаларда қайд этилган.

Тарихий маълумотларга кўра, бу оила аъзолари Мовароуннаҳрга қайтишга жазм қилганида, Косонийнинг ҳар қандай вазиятда ҳам умр йўлдошининг райини қайтармаслиги яхши тушунган Ҳалаб ҳукмдори Фотима бинти Муҳаммад номига улардан шу шаҳарда қолишларини илтимос қилиб нома юборади. Буни қарангки, мактубни олиб келган элчи эркак киши бўлгани сабабли Фотима уни қабул қилмайди. Олиманинг тақвосидан ҳайратланган ҳукмдор иккинчи марта аёл элчи юборади. Ҳазрати Фотима ҳукмдорнинг илтимосини қабул қилади ва бу икки буюк аллома умрларининг охирига қадар шу шаҳарда қолишади.

Бу фиқҳшунос олима ўзининг тилла буюмларини сотиб, илм аҳлига бир ой давомида ифтор бериб, хайрли анъанани бошлаб берган илк аёлдир. Ҳозирга қадар бу анъана ҳалабликларда сақланиб қолган. Шу шаҳарда вафот этган ҳазрати Фотима бугунги кунда “Эр-хотин қабри”, дея машҳур бўлган қабристонда дафн этилган.

Манбаларда зикр қилинишича, Косоний турмуш ўртоғини жуда яхши кўрган ва беҳад ҳурмат қилган. Фотиманинг вафотидан сўнг у то сўнгги кунига қадар ҳафтанинг ҳар жума куни унинг қабрини зиёрат қилган.  Улуғ фиқҳшунос олим 587 ҳижрий ражаб ойининг ўнинчи куни (1191 йил 3 август) вафот этган. Унинг қабри турмуш ўртоғининг ёнидадир. Бугунги кунда бу ер зиёратгоҳга айлантирилган ва бу муборак масканда қилинган яхши дуолар, албатта, ижобат бўлишига маҳаллий халқ ишонади.

Алоуддин Косоний ва Фотима бинти Муҳаммаддан Маҳмуд исмли фарзанд қолган. Айюбийлар ҳукмдори Султон аз-Зоир Ғозий уни ўз қарамоғига олиб, вояга етказган. 

“Косонийнинг энг эътиборли асари, албатта, ислом фиқҳига оид. Қолаверса, олимнинг ислом илоҳиётига оид “Ас-Султонул мубин фи усул ад-дин” ва “Ал китоб ал-жалил” номли асарлари борлиги ҳам айтилади, — деб ёзади тарих фанлари номзоди, доцент Музаффар Комилов. — Турли манбаларда алломанинг қаламига мансуб бўлган кўплаб асарларнинг номлари келтирилган бўлса-да, улар бизгача етиб келмаган”.

Юқорида келтирилган маълумотлардан кўриниб турибдики, биз бу икки улуғ аждодларимизнинг ҳаёти ва ижоди, фаолиятини янада чуқурроқ тадқиқ этишга чуқурроқ жазм қилганимизча йўқ. Ажаб эмаски, келгусида ёш тадқиқотчиларнинг илмий изланишлари сабаб Алоуддин Косоний ва Фотима бинти Муҳаммад ҳақида тўлиқ маълумотларга эга бўлсак.

Мавзуга оид