Биз танишимиз, фахрланишимизга лойиқ аждодларимиздан бири, ўз даврида “Малик ал-уламо” дея таърифланган улуғ ватандошимизнинг тўлиқ исми Алоуддин Абу Бакр ибн Аҳмад ал-Косоний бўлган. Афсуски, бу зотнинг туғилганлик санаси ва ёшлик йиллари ҳақида ҳозирча маълумот йўқ. Унинг вафоти 1191 йилга тўғри келиши тадқиқотчи олимларимиз томонидан аниқланган. Косон – Мовароуннаҳрдаги Шош вилоятининг орқасида, Фарғона водийси минтақаси – Сайхуннинг(Сирдарё) шимолий қисмида жойлашган шаҳарлардан бири (ҳозирги Косонсой). Мана шу шаҳарда туғилгани сабабли унга Косоний нисбаси берилган.

Алоуддин Косоний илм талабида Бухоро шаҳрига келиб, Имом Алоуддин Муҳаммад ибн Абу Аҳмад ас-Самарқандийга шогирд тушган. Маълумотларга кўра, олим устозининг “Туҳватул фуқаҳо” номли асарига шарҳ сифатида китоб ёзиб, туҳфа қилган. Юксак савия ва маҳорат билан ёзилган асардан Алоуддин Самарқандий мамнун бўлиб, етук олима ва фиқҳшунос қизи Фотимани шогирдига никоҳлаб берган экан. Шу сабабли ҳам “устозининг китобини шарҳлаб, қизига уйланди”, деган гаплар ўз даврида тилдан тилга ўтиб юрган. Оила қурилганидан сўнг фиқҳ, ҳадис ва ҳуснихат илмида беназир бўлган Фотима ва Алоуддин Косоний ҳамда бу икки ёш олимларнинг устози Алоуддин Самарқандий ҳаммаслак бўлиб фаолият юритишган.

Алоуддин Косоний тахминан 1146-1148 йилларда Ҳалаб ҳукмдори Нуриддин аз-Зангийнинг ҳузурига элчи қилиб юборилади ва у умрининг охирига қадар ўша ерда яшайди. Косоний Ҳалабда яшаган даврда ҳокимиятни Зангийлар ва Айюбийлар бошқарган бўлиб, мамлакатда илмий муҳит барқарор эди. Косоний бу ерда қисқа вақт ичида катта шуҳрат қозонади ва маҳаллий фақиҳларнинг талаблари билан Нуриддин Зангий томонидан қурдирилган Ҳалавия мадрасасига бош мударрис қилиб тайинланади. Бу улуғ зотдан аввал мадрасада ар-Розий ас-Сарахсий бош мударрис бўлиб, толибларнинг унинг тили бироз чучук бўлгани сабабли ибораларда талаффуз хатоларидан кўнгиллари тўлмас эди. Косонийнинг мадрасада ҳурмати ниҳоятда улуғ эканини, манбаларда таърифланганидек, мударриснинг йўқлигида ҳам унга атаб жойнамоз солиб қўйишгани ва у киши келганидан то туриб кетгунича атрофида ўтиришганидан англаш мумкин. Косоний юксак савияли олим, шу билан бирга ўткир зеҳнли нотиқ бўлган. У илмий баҳсларда турли ақидавий оқимларга қарши аёвсиз мафкуравий кураш олиб борган. Мана шундай мунозараларда аллома ножоиз оқимдаги ҳамсуҳбатларининг номақбул қарашларининг асл мазмун-моҳиятини рад этиб бўлмас далиллар асосида рўй-рост очиб ташлаши ва ҳар бир фикрга ҳақиқий ислом таълимоти асосида холис, ҳаққоний жавоб бера олгани билан атрофидагиларнинг эътирофига мушарраф бўлган.

Шу ўринда Алоуддин Косонийнинг турмуш ўртоғи ҳазрати Фотима ҳақида ҳам батафсилроқ маълумот бериш жоиз бўлар. Чунки бу аёл Шарқда номи чиққан саноқли олима аёллардан. У фиқҳ, ҳадис ва ҳуснихатда беназир бўлган. Ушбу зиёлилар оиласи Ҳалаб шаҳрида умргузаронлик қилаётганида ҳукмдор Нуриддин Зангий томонидан катта эътибор ва илтифот кўрсатилган. Ҳазрати Фотиманинг ақл-заковати ва илмига беҳад ҳурмат билан қараган ҳукмдор айрим муҳим ишларда у билан маслаҳатлашар ва турли фиқҳий масалаларда унинг фикри билан қизиқар эди. Ҳанафий фиқҳ намояндаларидан бирига айланган олима баъзан турмуш ўртоғининг соҳадаги хатоларини тўғрилаб, камчиликларини кўрсатиб бергани, Косоний ҳам унинг фикрларини қабул қилгани манбаларда қайд этилган.