Жаҳон | 12:36 / 11.06.2018
4676
2 дақиқада ўқилади

Хитой ШҲТ тор доирадаги гуруҳга айланиб қолмаслиги кераклигини айтди

Фото: РИА Новости / Алексей Дружинин

Шанхай ҳамкорлик ташкилоти ўзининг асосий тамойилларига келгусида ҳам амал қилиши, тор доирадаги гуруҳга айланиб қолмаслиги ва геосиёсий ўйинлар билан шуғулланмаслиги керак, деб айтди Хитой ташқи ишлар вазири Ван И ШҲТ саммитига якун ясаган ҳолда.

“ШҲТга аъзо барча давлатлар келгусида ҳам “Шанхай руҳи”га амал қилишлари, тинч тараққиёт ва ҳамкорлик байроғини баланд олиб юришлари, бошқалардан итарилиб кичик гуруҳга айланиб қолмаслиги, геосиёсий ўйинлар билан шуғулланмаслиги керак. Ўзаро ҳурмат, адолат ва ўзаро манфаатга асосланган халқаро муносабатлар қуришга кўмаклашиши зарур”, деб айтган Ван И.

Хитой ташқи ишлар вазирининг таъкидлашича, ШҲТ унинг ташкил этилиши вақтида асос қилиб олинган тамойиллар, жумладан бошқа давлатлар ва халқаро ташкилотларга қарши йўналмаганликка амал қилиши лозим.   

“Фикримизча, ШҲТ соғлом ва барқарор ривожланишни қўллаб-қувватлаши, давлатлар раҳбарлари томонидан Циндаодаги саммитда эришилган умумий консенсусни сўзсиз бажаришлари лозим”, деб қўшимча қилган Хитой вазири.

Циндао саммити якунларига кўра, 17 та ҳужжат қабул қилинди. Улар орасида ШҲТга аъзо давлатларнинг узоқ муддатли яхши қўшничилик, дўстлик ва ҳамкорлик келишуви бандларини амалга ошириш бўйича 2018-2022 йилларга мўлжалланган ҳаракатлар режасини тасдиқлаш қарори, ШҲТга аъзо давлатларнинг террорчилик, айирмачилик ва қўпорувчиликка қарши кураш бўйича 2019-2021 йилларга мўлжалланган ҳамкорлик дастурини тасдиқлаш ҳақидаги ҳужжат бор.

Шуҳрат Раҳимов
Тайёрлаган Шуҳрат Раҳимов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид