Ўзбекистон | 16:01 / 14.06.2018
46248
4 дақиқада ўқилади

Ҳукумат автотранспортни бошқариш тизимига доир янги қарорни қабул қилди

Фото: KUN.UZ

Вазирлар Маҳкамасининг 9.06.2018 йилдаги «Ўзбекистон Республикасида автомобиль транспортини бошқариш тизимини такомиллаштиришга доир ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида»ги 434-сон қарори қабул қилинди, деб хабар бермоқда Norma.

Автовокзаллар ва автостанциялар модернизацияланади, тўхташ бекатлари таъмирланади ва янгилари қурилади, биргаликда рейдлар ўтказила бошлайди
 
«Ўзавтотранс» агентлигига (собиқ Ўзбекистон автомобиль ва дарё транспорти агентлиги) минтақавий ҳокимликлар ҳамда ваколатли идоралар билан биргаликда бир қатор топшириқлар берилди.
 
Биринчидан, автовокзаллар ва автостанциялар фаолиятини бошқариш ва тартибга солишнинг марказлаштирилган тизими ишлаб чиқилиши зарур. У 2019 йилнинг иккинчи ярим йиллигида жорий этилиши керак.
 
Бунда қуйидагилар таъминланиши лозим:

• уларни илғор АКТ билан таъминлаш, автовокзаллар, автостанциялар ҳамда «Ўзавтотранс» агентлиги ўртасида ахборот-тармоқ алоқасининг замонавий инфратузилмасини шакллантириш;
• автовокзал ва автостанцияларга уларнинг имкониятларидан тўлиқ фойдаланиш мақсадида йўловчилар йўналишларини бириктириш;
• йўловчиларга хизмат кўрсатиш бўйича, ш.ж. аҳолини йўналишлар, вариантлар ва белгиланган манзилга етиб борувчи транспорт турлари ҳақида хабардор қилиш юзасидан хизматларнинг кенг миқёсдаги рўйхатини тақдим этиш.   
 
Иккинчидан, йўловчиларни рухсатнома ҳужжатларисиз чиқариш/тушириш билан ноқонуний шуғулланувчи сунъий автотураргоҳлар муаммосини ҳал этиш.
 
Учинчидан, шаҳарлараро, вилоятлараро ва халқаро йўналишларда автобусларнинг мақбул иш режимини таклиф этиш лозим.
 
Тўртинчидан, уларга эҳтиёжни ҳисобга олган ҳолда халқаро йўловчи автобус йўналишларини очишга доир тизимли ишни ташкил этиш.
 
Бешинчидан, маҳаллий ижроия ҳокимияти органлари тасарруфидаги умумий фойдаланиладиган йўловчилар ташиш йўналишларидаги тўхташ пунктларини хатловдан ўтказиш ҳамда янги бекатларни қуриш, мавжудларини реконструкция қилиш ва таъмирлашга эҳтиёжни аниқлаш. Натижада Ҳукумат тасдиқлайдиган 2018–2021 йиллар учун тегишли дастур қабул қилиниши керак.
 
Олтинчидан, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида ЙҲХХ ва «Ўзавтотранс» агентлиги ҳудудий бошқармалари инспекторларидан иборат доимий фаолият юритувчи мобиль гуруҳларни шакллантириш. 
 
Улар ташувчиларнинг йўловчиларни ташишда хавфсизлик талабларига риоя этиши, тендер контрактлари ва юк ташиш шартларини бажариши юзасидан биргаликда мунтазам рейдлар ўтказадилар. Шунингдек автомобилларни мажбурий техник кўрикдан ўтказиш ва ЙТҲнинг олдини олиш бўйича профилактика ишларини амалга оширишда иштирок этадилар.
 
Эслатиб ўтамиз, Тошкент шаҳри ва Тошкент вилояти ҳокимликларининг барча турдаги йўловчи транспортини лицензиялаш ва ҳаракатланишини мувофиқлаштириш департаментлари «Ўзавтотранс» агентлигининг тегишли ҳудудий бошқармаларига бирлаштирилди.
 
Тегишинча, энди улар автомобиль транспортида ташиш учун лицензиялар берадилар. Илгари департаментлар берган лицензиялар ва лицензия карточкалари уларда кўрсатилган муддатларгача амал қилади. 1 июндан бошлаб эса, айрим истисноли ҳолатлардан ташқари, амал қилиш муддати чекланмаган лицензиялар берилади.
 
Ҳужжат 11.06.2018 йилдан кучга кирди.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ такси тўғрисидаги қоидаларга интернет орқали электрон тўлов қўшилгани хабар қилинганди

Мавзуга оид