Спорт | 16:30 / 18.06.2018
8057
6 дақиқада ўқилади

Англия ва Бельгия стартда. Навбатдаги уриниш

Бугунги 3 ўйин Нижний Новгород, Сочи ва Волгоград шаҳарларида бўлиб ўтади. F гуруҳининг яна икки вакили Жанубий Корея ҳамда Швеция ўзаро тўқнашса, G гуруҳида Англия-Тунис ҳамда Бельгия-Панама жуфтликлари.

Жаҳон чемпионатининг бешинчи кунидаги илк ўйин Тошкент вақти билан соат 17:00да «Нижний Новгород» стадионида бошланади. Шведлар турнирга Италияга қарши ўтиш ўйинлари орқали чиқишганди. Бу терма жамоа 12 йил ичида илк марта мундиалда қатнашмоқда. Швед футболининг кейинги даврдаги асосий юлдузи Златан Ибраҳимович таркибда эмас, у икки йил муқаддам, Швеция саралаш босқичини 3 ўйинда 1 очко олган ҳолда ўта муваффақиятсиз бошлаганида халқаро фаолиятини якунлаганди.

Корейсларнинг кичик айёрлиги

Жанубий Корея термаси учун бу тўққизинчи мундиал ҳисобланади. Аммо бу жамоа 32 йил ичида фақат икки марта гуруҳдан чиқа олган, 2002 йилги жаҳон чемпионатида (Япония ва Жанубий Корея мезбонлик қилган) Гуус Ҳиддинк бошқарувидаги корейслар тўртинчи ўринни эгаллашган. ЖЧ-2010 турнирида эса Жанубий Корея нимчорак финалда уругвайликларга ютқазган. 4 йил муқаддам Бразилия майдонларидаги турнирда Жанубий Корея Россия, Бельгия ва Жазоир терма жамоалари билан битта гуруҳдан жой олишган, плей-оффга Бельгия ва Жазоир йўл олганди.

Жамоанинг асосий юлдузи - «Тоттенҳэм» ҳужумчиси Сон Хин Мин ҳисобланади. Терманинг аксар футболчилари К-лигада ёки Япониядаги жамоалар сафида тўп суради. 29 ёшли сардор Ки Сон Ён учинчи мундиалига келган, у ҳам АПЛ жамоаси - «Суонси» шарафини ҳимоя қилади.

Жанубий кореяликлар устози Син Тхе Ён бир кун олдинги машғулотларда шведларни чалғитиш учун футболчиларнинг рақамини алмаштирди. У европаликлар осиёликларни фақат футболкаларидаги рақамлари орқали ажратишини ҳисобга олган ҳолда шундай йўл тутган. Унинг фикрича, энди рақиблар у қайси футболчиларни асосий таркиб учун тайёрлаётганини аниқлай олмайди.

Швеция-Жанубий Корея ўйинини сальвадорлик Хоэл Агилар бошчилигидаги ҳакамлар бошқаришади. Бир кун олдин ушбу гуруҳдаги биринчи учрашув Германия ва Мексика ўртасида ўтказилиб, унда америкаликларнинг қўли баланд келганди - 1:0.

Панаманинг дебюти
Тошкент вақти билан соат 20:00да G гуруҳи учрашувлари бошланади. Сочидаги «Фишт» стадионида Бельгия Панамани қабул қилади. Бельгияликлар бу сафарги турнирда ҳам «қора тойчоқ» вазифасини бажариши кутилмоқда. Бу таркибда турнир ярим финалига қадар етиб бориш салоҳияти мавжуд. Панама эса жаҳон чемпионатларида дебют қилмоқда, панамаликлар ҳеч қачон бу даражадаги мусобақада иштирок этишмаган, йўлланмани уларга АҚШ «совға» қилганди, ҳал қилувчи ўйинда АҚШ Тринидад ва Тобагога ютқазганди, ҳолбуки бу ўйиндаги дуранг ҳам америкаликларга кифоя қиларди.

Панама таркибида битта ҳам таниқли футболчи йўқ, мураббий 62 ёшли колумбиялик Эрнан Гомес, у ўз вақтида ватани терма жамоасини, шунингдек Эквадорни мундиалга олиб борган. 2002 йили эквадорликлар ҳам ўз тарихларида илк марта жаҳон чемпионатида ўйнашганди.

Панаманинг энг ёрқин футболчиси - МЛС жамоаси «Сиэтл» сафида тўп сурадиган ҳимоячи Роман Торрес ҳисобланади. Айнан у охирги турда жаҳон чемпионати йўлланмасини таъминлаган гол муаллифи бўлганди. КОНКАКАФ саралашидаги 10 ўйинда Панама атиги 9 гол урган.

Бельгиянинг таркиби эса юлдузлар билан тўлган: Тибо Куртуа, Кевин де Брюйне, Эден Азар, Ромелу Лукаку, Янник Карраско, Дрис Мертенс, Аднан Янузай - бельгияликларнинг «олтин авлоди» яна бир бор ўзини кўрсатишга уриниб кўради. 2016 йилги Европа чемпионатида бу юлдузли таркибни чорак финалда Гарет Бэйл бошчилигидаги уэльсликлар тўхтатишганди (1:3), ЖЧ-2014 эса шу босқичда Лионель Месси бошчилигидаги аргентиналиклар устун келишганди (0:1). Ҳозирги таркибда барчасини тўғрилаш учун имконият бор, 4 йил аввалги таркибнинг 15 футболчиси ҳозирги таркибга ҳам киритилган.

Бельгиянинг испаниялик бош мураббийи Роберто Мартинеснинг ягона муаммоси ҳимоя. Томас Вермален ва Венсан Компани айни вақтда жароҳатда. 

Ўйинни замбиялик Женни Сиказве бошқаради.

Англиянинг навбатдаги уриниши

Соат 21:00да Волгоградда Англия ва Тунис ўртасидаги учрашув бошланади. Англияликлар бир неча ўн йиллардан буён саралаш босқичини ишонч билан ўтказиб, ҳар сафар турнирга фаворит сифатида ташриф буюради ва финал босқичида муваффақиятсиз иштирок этади. Англия 1966 йилда ўз уйида ўтказилган жаҳон чемпионатида ғолиб бўлган, 1990 йили тўртинчи ўринни эгаллаган, ЖЧ-2002 ва ЖЧ-2006 турнирларидаги иштирок чорак финалда якунланган.

Англия терма жамоаси тўлиғича Англия премьер-лигаси вакилларидан иборат. Жамоанинг асосий ҳужумчилари Ҳарри Кейн ва Жейми Варди, сардор «Тоттенҳэм» сафида якунланган мавсумда 30 гол урди, Варди 20 гол билан кифояланди. 

2014 йилги жаҳон чемпионатида инглизлар гуруҳда қолиб кетишганди, 2016 йилги Европа чемпионатида Англия нимчорак финалда исландларга ютқазди, шу ўйиндан кейин фахрийлар Жо Ҳарт ва Уэйн Руни терма жамоадаги фаолиятини якунлаганди.

Тунис терма жамоаси 2002 йилдан буён илк марта жаҳон чемпионатига чиққан. Тунисликлар ҳисобида жами 5та мундиал бор, улар бирон марта ҳам гуруҳдан чиқа олишмаган. 40 йил муқаддам Аргентинанинг Росарио шаҳрида тунисликлар ўз тарихларида мундиаллардаги ягона ғалабани қўлга киритишганди, ўшанда Мексика 3:1 ҳисобида мағлуб этилган. Шундан кейинги 11 учрашувда 4 дуранг ва 7 мағлубият қайд этилган.

Тунис терма жамоасини маҳаллий мутахассис Набил Маалул бошқармоқда, терма жамоа сардори Саудия Арабистонининг «Ал-Батин» клубининг 33 ёшли дарвозабони Аймен Матлути ҳисобланади, энг машҳур футболчиси «Ренн» клуби аъзоси Ваҳоб Ҳазри ҳисобланади.

Тунис ва Англия учрашувини колумбиялик Вилмар Ролдан бошқариб боради.

Мавзуга оид