Жаҳон | 08:05 / 18.06.2018
5277
2 дақиқада ўқилади

Японияда зилзила оқибатида икки киши ҳалок бўлди

Фото: The Mainichi

Япониянинг Хонсю ороли жануби-ғарбида душанба куни юз берган зилзила оқибатида тўққиз ёшли қизча ва саксон ёшли эркак ҳалок бўлди. Бу ҳақда NHK телеканали хабар қилган.

Унинг маълумотига кўра, қизча Осака префектурасидаги Такацуки шаҳрида девор босиб қолиши оқибатида ҳалок бўлган. Қўшни Осака шаҳрида эса кекса ёшли эркак ҳам вайроналар остида ҳаётдан кўз юмди. Орол жануби-ғарбидаги бошқа туманларда саккиз киши турли даражада тан жароҳати олган.

Ер силкиниши туфайли тезюрар ва оддий поездлар қатнови деярли бутунлай тўхтатилди. Зилзила магнитудаси 5,9 баллни ташкил қилган, дея хабар берди сейсмик хизмат функцияларини бажарувчи миллий Метеорологик бошқарма. Ер силкиниши ўчоғи Осака префектураси шимолида, 10 километрлик ер тубида жойлашган.

Kansai Electric Power энергетика компаниясининг ўз сайтида хабар қилишича, зилзила оқибатида тахминан 170 мингта квартира ва хусусий уйларга электр энергиясини етказиб бериш тўхтаб қолди. Атом энергетикаси объектларига зарар етмаган, атом станцияларидаги радиацион фон нормал ҳолатда, дея қўшимча қилиб ўтишган компаниядан.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид