Жамоат жойларида чилим ва электрон сигареталарни чекиш тақиқланиши мумкин
20 июнь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида депутатлар мамлакатни ривожлантиришнинг бугунги босқичида муҳим аҳамиятга эга бўлган ва амалга оширилаётган ижтимоий ва иқтисодий ислоҳотларни жадаллаштиришга қаратилган бир қатор қонун лойиҳаларини кўриб чиқдилар.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ахборот хизмати хабарига кўра, депутатлар ўз ишларини Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик кодексига қўшимчалар киритишни назарда тутувчи қонун лойиҳасини иккинчи ўқишда кўриб чиқишдан бошладилар.
Киритилаётган қўшимчаларга кўра, автомобиллар ва мототранспорт воситаларини ижарага бериш ҳуқуқи мазкур соҳада хизмат кўрсатадиган юридик шахсларга берилиб, улар енгил автомобиллар ва мототранспорт воситаларини ўттиз кунгача бўлган муддатга ижарага бериш шартномасини оддий ёзма шаклда тузишлари мумкинлиги белгиланмоқда.
Кун тартибига киритилган навбатдаги қонун лойиҳаси таълим соҳасидаги ислоҳотларининг қонуний асосларини яратаётгани билан муҳим аҳамият касб этади. Хусусан, унда таълим тизимидаги янги йўналишлар қонун билан мустаҳкамланмоқда.
Мазкур қонун лойиҳаси умумий ўрта ва ўрта махсус таълимда 11 йиллик тизимининг мажбурийлиги, касб-ҳунар таълимининг 11 йиллик базадан сўнг ихтиёрий равишда амалга оширилиши, нодавлат таълим хизматлари кўрсатиш соҳасида фаолият кўрсатаётган юридик шахслар учун қулай шарт-шароитлар яратиш, давлат-хусусий шериклик асосида ташкил этилаётган таълим муассасалари тармоғини кенгайтириш, мазкур фаолиятни тартибга солувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни такомиллаштириш ҳамда нодавлат таълим хизматлари кўрсатиш соҳасидаги фаолиятни лицензиялаш тартибини соддалаштиришни назарда тутади.
Сўнгра депутатлар янги таҳрирдаги «Ўсимликлар карантини тўғрисида»ги қонун лойиҳасини иккинчи ўқишда моддама-модда муҳокама қилдилар. Қонун лойиҳасини иккинчи ўқишга тайёрлаш жараёнида президентнинг соҳани такомиллаштиришга доир фармон ва қарорларидаги ғояларни сингдиришга жиддий эътибор қаратилди.
Шунингдек, масъул қўмита томонидан мазкур лойиҳа юзасидан ҳудудларда соҳа мутахассислари, тадбиркорлар, деҳқон ва фермер хўжаликлари вакиллари билан давра суҳбатлари ва учрашувлар ўтказилди ва улардан 100 дан ортиқ таклифлар олинди.
Мажлисда шунингдек, “Миллий тикланиш” демократик партияси фракцияси ташаббуси билан бир гуруҳ депутатлар томонидан қуйи палата муҳокамасига киритилган «Жамоат жойларида чилим ва электрон сигареталарни чекишни чеклаш тўғрисида»ги қонун лойиҳаси иккинчи ўқишда кўриб чиқилди.
Таъкидланганидек, мазкур қонун лойиҳаси фуқароларнинг соғлиғини чилимлар ва электрон сигареталарнинг зарарли таъсиридан, у билан боғлиқ ижтимоий ва бошқа салбий оқибатлардан муҳофаза қилишга, хусусан ёшлар ўртасида соғлом турмуш тарзини қарор топтиришга, шунингдек бутун дунёда бўлгани каби мамлакатимиз жамоатчилиги ўртасида ҳам кашандаликка қарши кураш муҳитини шакллантириш ҳамда қарор топтиришнинг ташкилий ва ҳуқуқий шароитларини яратишга қаратилган.
Мунозаралар давомида сиёсий партиялар фракциялари вакиллари томонидан қонун лойиҳасининг қабул қилиниши жамоат жойларида чилим ва электрон сигареталар чекиш кенг тарқалишининг, чилим ва электрон сигареталарни чекилиши натижасида келиб чиқадиган касалликларнинг, шунингдек гуруҳ бўлиб чекиш оқибатида юқиш хавфи бўлган юқумли касалликлар тарқалишининг олдини олишга хизмат қилиши қайд этиб ўтилди.
Депутатлар шунингдек, “Ўзбекистон Республикаси геология соҳаси ходимлари кунини белгилаш тўғрисида”ги Қонунни ҳам қабул қилдилар.
Мажлис давомида парламент Қонунчилик палатасининг ваколатларига тааллуқли бошқа масалалар ҳам кўриб чиқилди.
Мавзуга оид
13:40 / 24.11.2024
Қирғизистонда электрон сигареталар тақиқланади
18:07 / 16.10.2024
Олий Мажлис сайловида муддатидан олдин овоз бериш жараёни бошланди
17:44 / 20.09.2024
«Ҳаддини билмаганларни меҳмон деёлмаймиз» – Ўзбекистонда бўлиши номақбул чет элликлар рўйхати юритилади
23:26 / 25.06.2024