Ўзбекистон | 12:30 / 22.06.2018
6717
3 дақиқада ўқилади

Арипов ўқитувчилар маоши ҳақида: Келажакда албатта оширилади

Бугун, 21 июнь куни Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Абдулла Арипов раислигида, 20 июнь куни Халқ таълими вазири этиб тайинланган Шерзод Шерматов бошчилигидаги янги раҳбарият иштирокида халқ таълими тизими муаммоларига бағишланган видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтди. 

Бош вазир халқ таълимида сифат тушиб кетгани сабаблари ҳақида гапирган.

«Халқ таълими вазирлиги тизимига юқори малакали ватанпарвар мутахассис ва раҳбарларни жалб этишимиз керак. Бунинг учун тегишли молиявий ресурслар ажратиш ҳамда ёрдам кўрсатиш бўйича президентимизнинг алоҳида қарорлари ҳам тайёрланиши топшириқ қилинди. 

Афсуски, ойликлар кўтарилмагани, муносиб шароитлар билан таъминланмагани натижасида кўплаб яхши педагоглар таълим тизимидан чиқиб кетиб, бошқа соҳаларда меҳнат қилишга мажбур бўлмоқда. Ўқитувчи касбининг обрўси тушиб кетгани туфайли ҳозир мактабларда деярли эркак ўқитувчилар қолмаган.

Бу бир кунда ўзгарадиган иш эмас. Қанийди бир кунда ўзгарса, биринчи навбатда шу иш қилинган бўларди. Бу босқичма-босқич амалга оширилади. Иқтисодиётимизни сал кўтариб олайлик, келажакда, албатта, ўқитувчиларнинг маоши етарли миқдорда оширилади. 

Таълим соҳасини молиялаштириш масаласи Таълим, соғлиқни сақлаш, жисмоний тарбия, спорт ва туризм масалалари комплекси раҳбари Азиз Абдуҳакимовга топширилади. Маблағлардан мақсадсиз фойдаланишга барҳам берилиши керак», — дея Абдулла Ариповнинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz манбаси.

Эслатиб ўтамиз, 19 май куни президент Андижон вилоятига сафари давомида Улуғнор тумани ҳокимлигида ўтказилган видеоселекторда «ўзига қолса, ўқитувчининг маошини 10 баробар оширган бўлиши, аммо ҳозирча бунга молиявий ҳолат йўл бермаётгани» ҳақида гапирганди.

2018 йил 5 апрелдаги «Республика олий таълим ва илмий-тадқиқот муассасалари ходимларининг меҳнатига ҳақ тўлаш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ-3655-сон қарорига кўра, Олий таълим муассасалари раҳбарлари ва ўқитувчилари маоши ўртача 25 фоизга оширилиши маълум қилинди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид