Ўзбекистон | 21:11 / 27.06.2018
3607
2 дақиқада ўқилади

Абдулазиз Комилов Фредерик Старр билан учрашди

2018 йилнинг 27 июнь куни Ўзбекистон Республикаси ташри ишлар вазири Абдулазиз Комилов АҚШнинг таниқли жамоатчилик арбоби ва олими, Ж.Хопкинс Университети ҳузуридаги Марказий Осиё ва Кавказ институти раиси Фредерик Старр билан учрашди. У мамлакатимизда нуфузли халқаро тадқиқотчилар билан бўлиб турибди, деб хабар берди ТИВ ахборот хизмати.

Суҳбат давомида Ўзбекистон-АҚШ муносабатларининг долзарб жиҳатлари муҳокама қилинди.

Шу ўринда Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2018 йил 15-17 май кунлари АҚШга биринчи расмий ташрифи ва президент Дональд Трамп билан музокаралари якунларига юқори баҳо берилди ва икки давлат ҳамкорлигини янада ривожлантириш учун тарихий аҳамият касб этиши қайд этилди.

Фото: ТИВ ахборот хизмати

Фредерик Старр Ўзбекистон ва бутун Марказий Осиёнинг жўшқин ва узоқ муддатли ривожланиши ўртасида тўғридан-тўғри боғлиқлик мавжудлигини таъкидлади. Унинг «Ўзбекистоннинг янги юзи» китоби Вашингтон шаҳрида май ойи бошида «Атлантика кенгаши»даги брифинг чоғида экспертлар ҳамжамияти ва кенг жамоатчиликка илк бор тақдим этилган эди.

АҚШлик тадқиқотчи «Марказий Осиё минтақасида тинчлик, барқарорлик ва изчил тараққиётни таъминлаш бўйича минтақавий ва халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш» резолюциясининг Ўзбекистон ташаббуси билан БМТ Бош Ассамблеяси томонидан 22 июнь куни бир овоздан қабул қилинишини олқишлади. Ушбу ҳужжат умумий муаммоларни биргаликда ҳал қилиш, кўп миллионли аҳолининг тараққиёти ва фаровонлигини таъминлаш бўйича минтақа мамлакатларининг саъй-ҳаракатларини жаҳон ҳамжамияти томонидан қўллаб-қувватланишининг яна бир далилидир.

Учрашувда халқаро ва минтақавий кун тартибининг бошқа масалалари юзасидан ҳам фикр алмашилди.

Мавзуга оид