Ўзбекистон | 16:54 / 28.06.2018
10970
2 дақиқада ўқилади

Жамоат жойида чилим чекиш тақиқланадими?

Фото: Getty Images

Кашандаликнинг янги кўриниши - чилим ва электрон сигареталарнинг, айниқса, ёшлар орасида кенг истеъмол қилиниши тобора кучайиб, «замонавийлик белгиси» сифатида қаралмоқда, дейди сенатор Гавҳар Алимова.

Сенатнинг Фан, таълим ва соғлиқни сақлаш масалалари қўмитаси раиси ўринбосарининг фикрича, «чилим ёки электрон сигареталарни истеъмол қилиш зарарсизку» деган фикрнинг ўзи нотўғри.

«Агар сигаретдан никотин миқдорини ҳисоблаш имкони мавжуд бўлса, чилимда - бу қийин масала. Чунки бир чилимдаги тамаки миқдори ва чекиш вақти бир хил эмас, чилимларнинг ўзи ҳам муайян стандартга эга эмас. Бир сигарет чекиш тахминан 12-15 марта тамаки тортишга тенг бўлса, бир соат чилим чекиш эса тахминан 200 марта тамаки тортишга тенг бўлади», дейди Алимова.

Сенаторнинг таъкидлашича, бир чилим чекиш натижасида ўпкадан 90 минг мл. тутун ўтади, сигаретада эса мазкур кўрсаткич бор-йўғи 500-600 мл. ташкил этади. Ва буларнинг барчаси инсон ҳаётига хавф солади.

«Фуқаролар соғлиғини сақлаш давлат сиёсатининг устувор вазифаларидан бири ҳисобланади. Ҳозирги вақтда тамаки маҳсулотларини истеъмол қилиш ва тарқатишни чеклаш «Алкогол ва тамаки маҳсулотларининг тарқатилиши ҳамда истеъмол қилинишини чеклаш тўғрисидаги» ва «Реклама тўғрисида»ги қонунлар, шунингдек, алоҳида норматив ҳужжатлар билан тартибга солинади», дейди сенатор.

Шундай қилиб, Сенатнинг ўн бешинчи ялпи мажлисида сенаторлар «Жамоат жойларида чилим ва электрон сигареталарни чекишни чеклаш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонунини маъқуллашди.

Мавзуга оид