Маълумки, мамлакатимизда оналик ва болаликнинг ҳуқуқий, ижтимоий, иқтисодий ҳимоя қилинишини таъминлаш, хотин-қизларнинг ҳаёт тарзини яхшилаш, уларнинг жамият ҳаётининг барча жабҳаларида иштирок этиши учун шароит яратишининг мустаҳкам ҳуқуқий кафолатлари мавжуд.
Хотин-қизлар ҳуқуқ ва манфаатларининг бу кафолати Ўзбекистон Республикаси Конституцияси, қонунчилик, ҳукумат қарорлари ҳамда давлат дастурларида ўз аксини топган. Президентимизнинг 2019 йилнинг 22 апрелидаги «Бола ҳуқуқлари кафолатларини янада кучайтиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори ҳам мазкур йўналишдаги ишларнинг мантиқий давоми, десак муболаға бўлмайди.
Қарорга мувофиқ, болаларнинг рўйхатда туриш жойи ва фуқаролигидан қатъи назар, уларга барча ижтимоий хизматлар кўрсатилади. Бундан ташқари, болаларнинг давлат органларига бевосита қилган мурожаатларини тўлиқ кўриб чиқиш кафолатланади ва бола тўлиқ муомала лаёқатига эга эмаслиги важлари билан бу турдаги мурожаатларни кўрмасдан қолдиришга йўл қўйилмайди ҳамда 14 ёшга тўлган бола ўзининг таъминоти учун бир вақтнинг ўзида ота-онанинг ҳар иккаласидан қонунда белгиланган миқдорда алимент ундириш тўғрисида даъво қўзғатишга ҳақли. Уларни ҳимоя қилиш мақсадида судларга ариза билан мурожаат қилган даъвогар давлат божи ва бошқа тўловларни тўлашдан озод қилинади. Шунингдек, Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) ўринбосари – Бола ҳуқуқлари бўйича вакил лавозими жорий этилди. Энг муҳими, «Етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни ижтимоий ҳимоялаш тўғрисида»ги қонун ишлаб чиқилади.
Яна бир янгилик, 2019 йил 1 сентябрдан эркаклар ва аёллар учун никоҳ ёши ўн саккиз ёш этиб белгиланди. Айтиш жоизки, бугунги кунга қадар юртимизда оила қуришнинг энг кичик ёши йигитлар учун 18, қизлар учун 17 этиб белгиланган эди. Ўз навбатида бу қатор муаммоларни келтириб, оила аталмиш муқаддас қўрғоннинг бузилиши ҳолатлари кузатиларди. Бунга эса икки томон, яъни келин-куёвнинг никоҳ қуришга тайёр эмаслиги, оилавий муносабатлардан бехабарлиги каби бошқа тамойиллар ҳам сабаб бўлаётганди.
Таъкидлаш керакки, аёл соғлом бўлса ундан соғлом бола дунёга келади. У бахтиёр она бўлиб, фарзандини бағрига босса, нафақат ўзи, балки бутун бир оила ҳам қувончга тўлади. Бу эса мустаҳкам оилалар қаторидан жой олишида сабаб бўлади. Шу боис, мамлакатимизда баркамол авлодни тарбиялашга алоҳида эътибор қаратилади. Эътирофлиси, хотин-қизлар соғлиғини асраш, она ва бола саломатлигини муҳофаза қилиш давлат сиёсати даражасида кўтарилган. Айтмоқчиманки, юртимизда она бўлишни дилида тугган ҳар бир қизнинг ҳали у она бўлмасиданоқ саломатлиги борасида қайғурилади. Давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан ҳудудлардаги тиббиёт муассасаларида «Аёллар маслаҳатхоналари» ташкил қилингани бунга яққол мисол бўла олади.
Президентимизнинг мазкур қарори билан 2019 йилнинг 1 сентябридан эркаклар ва аёллар учун никоҳ ёши тенглаштирилгани, яъни 18 ёш этиб белгилангани халқимизни бирдек қувонтирди, десак янглишмаган бўлар эдик. Айтиш жоизки, қизлар ва йигитлар учун никоҳ ёшини тенглаштириш ташаббуси 2018 йилнинг ноябрида Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси томонидан илгари сурилиб, бу ижтимоий тармоқларда қизғин муҳокама қилинди. Қувонарлиси, халқимиз эрта турмуш қуришнинг салбий оқибатларини таъкидлаган ҳолда никоҳ ёшини ошириш тарафдори эканлигини билдиришди.







