Каттақўрғон шаҳар ҳокими, сенатор Гавҳар Алимованинг маълум қилишича, Қашқадарё вилояти ҳокими Мурод Азимов томонидан вилоятдан Ўзбекистоннинг бошқа ҳудудларига чигит олиб чиқишга тақиқ қўйилган.

2021 йил 28 декабрь куни Каттақўрғон шаҳрида жойлашган «Marokand gold oil extraksiya» МЧЖ раҳбари С.Рўзиев шаҳар ҳокимиятига келиб, Республика товар ва хомашё биржасидан очиқ савдолар асосида сотиб олинган 100 тонна чигит маҳсулоти Қашқадарёдан Самарқандга кириш чегарасида ЙПХ ходимлари томонидан Қашқадарё вилоят ҳокими биринчи ўринбосари Нодир Эркаевнинг топшириғи асосида ушлаб турилганини айтган.

Шундан сўнг сенатор Нодир Эркаев билан телефон орқали боғланган. Ҳоким ўринбосари эса чигитларни фақат вилоят ҳокими рухсат берсагина қўйиб юбориши мумкинлигини айтган.

«Шундан сўнг вилоят ҳокими Муроджон Бердиалиевичнинг телефон рақамини қийинчилик билан топиб, вазиятни тушунтирдим ва чигитни қўйиб юборишини илтимос қилдим. Вилоятнинг янги ҳокими эса “... масалани ўрганиб чиқиб маълум қиламан”, деди. Мен умид билан барча тегишли ҳужжатларни ҳокимнинг телеграмига ташлаб бердим. Жавоб бўлмагандан сўнг телеграмига ва қўл телефонига СМСʼлар ёздим, афсуски ҳеч қандай жавоб олишнинг иложи бўлмади», деб ёзади Гавҳар Алимова.

«Бунинг номи феодализм»

Иқтисодчи Отабек Бакиров эса ушбу ҳолатни ўрта асрларда ҳукм сурган феодализм тартиб-тамойилларига қиёслади.

«Мурод Азимов топшириғига кўра, Қашқадарё ҳудудидан чигит олиб чиқиб кетиш тақиқланган. Гавҳар Алимова Қашқадарёдан Самарқандга чигит олиб кетаётган юк машиналари ўтказилмаётганидан шикоят қилмоқда.

Бир қарашда ҳам кулгили, ҳам ачинарли. Қандай қилиб бир мамлакат ҳудудида товар ва хизматлар эркин ҳаракатлана олмаслиги мумкин? Чигит ҳокимнинг мулки эмас, фермерники ёки кластерники, нега у бошқа шахсга сотган чигитини ҳудудидан чиқара олмайди?

Бу бошбошдоқликни яқиндагина Божхона қўмитасига раис бўлган, вазифаси бўйича бутун Ўзбекистон ҳудуди бўйича эркин товарлар тўсиқсиз ҳаракатланишига масъул бўлган шахс амалга оширяпти. Амалдаги ваколатлар тийилмаган бузуқ тизим, божхона каттаси тугул, авлиёни ҳам бузиб ташлашига яна бир мисол.

Чигитни вилоят ҳудудидан чиқармаслик бўйича ҳокимларнинг топшириқлари биринчи марта эмас. Пишиқчилик пайтида мева-сабзавот маҳсулотлари бир ҳудуддан иккинчисига чиқарилмаслиги бўйича топшириқлар ҳам биринчи марта эмас. Доимий ҳолат. Лекин шу пайтгача бирорта ҳоким жазоланмаган. Бу сафар ҳам, жуда катта эҳтимол, жазоланмайди. Ахир бунинг номи феодализм», дея ёзади иқтисодчи.