Жаҳон | 01:07 / 03.07.2018
9449
3 дақиқада ўқилади

Россиялик миллиардерлар йил бошидан 3 млрд доллардан кўпроққа бойишди

Фото: РИА Новости / Наталья Селиверстова

24 нафар россиялик миллиардернинг умумий бойлиги 2018 йилнинг январь-июнь ойларида 3,271 млрд долларга кўпайди. Бундан Bloomberg Billionaires Index (BBI) индекси маълумотлари дарак бермоқда.

Индекс миллиардерлар ўз улушига эга бўлган компаниялар акциялари нархи ва ҳисоботи асосида ҳисоблаб чиқилади. BBI рейтинги ҳаммаси бўлиб дунёнинг 500 энг бой одамини ўз ичига олади.

Рейтинг маълумотларига кўра, айни вақтда Россиянинг энг бой одами “Новатэк” раҳбари Леонид Михельсон ҳисобланиб, унинг бойлиги йил бошидан 2,23 млрд долларга кўпайган ва ҳозирда 18,9 млрд долларни ташкил қилмоқда. 2-ўринни “Северсталь”нинг асосий акциядори Алексей Мордашов эгаллаган. Бироқ унинг бойлиги кўрилаётган давр ичида 804 млн долларга камайиб, 18,9 млрд долларни ташкил қилмоқда. 3-ўринни Владимир Лисин эгаллаган, у ўз бойлигини 475 млн долларга кўпайтириб, 18,5 млрд долларгача етказиб қўйган. 

Рўйхатнинг 4-ўрнини “Норникель”нинг асосий акциядорларидан бири Владимир Потанин эгалламоқда, у 674 млн доллар йўқотган. Потаниннинг бойлиги 18,3 млрд долларга баҳоланган. Юқори бешталикни “Еврохим” бенефициари Андрей Мельниченко якунламоқда. Унинг бойлиги 1,62 млрд долларга кўпайиб, 15,4 млрд долларни ташкил қилмоқда. 

“Ренова” компаниялари гуруҳининг асосий эгаси ва директорлар кенгаши раиси Виктор Вексельберг 6-ўринни эгалламоқда. У ярим йил ичида 880 млн доллар йўқотган, бойлиги 15,4 млрд долларга баҳоланмоқда. 7-ўринни эгаллаётган “Лукойл” президенти Вагит Алекперовнинг бойлиги аксинча 1,92 млрд долларга кўпайиб, 14,5 млрд долларга етган.

Алишер Усмоновнинг бойлиги ярим йил ичида 250 млн долларга камайган ва 14,2 млрд долларни ташкил қилмоқда. Кейинги ўринларда келаётган Роман Абрамович 1,27 млрд долларга бойиган (умумий бойлиги 13,8 млрд доллар), Михаил Фридман 852 млн доллар йўқотган (13,5 млрд доллар), Геннадий Тимченко эса 1,29 млрд долларга бойиган (12,4 млрд доллар).

Олег Дерипаска дунёнинг энг бой 500 кишиси рейтингидан чиқиб кетди. Апрелда Дерипаска ва унга тегишли компаниялар (En+ Group, “ГАЗ”, “Базовый элемент” ва “Русал”) АҚШ санкциялари остига тушгач, “Русал” ва En+  акциялари кескин арзонлашиб кетган. Дерипаскадан ташқари рейтингни Сулейман Керимов, Михаил Гуцериев ва Юрий Мильнер тарк этган.

Мавзуга оид