Жаҳон | 07:54 / 05.07.2018
13735
2 дақиқада ўқилади

Эймсберидаги жабрланганлар “Новичок” билан заҳарлангани маълум қилинди 

Фото: KUN.UZ

Англиянинг Эймсберидаги эркак ва аёл россиялик собиқ разведкачи Сергей Скрипаль ва унинг қизи заҳарланган модда – “Новичок” билан заҳарланган. Бу ҳақда Скотланд-Ярднинг аксилтеррорчилик бўлими бошлиғи Нил Басу маълум қилди. 

Аввалроқ полиция 44 ёшли аёл ва 45 ёшли эркак Эймсберидаги уйлардан бирида беҳуш ҳолда топилганларини маълум қилганди. Ҳозирда улар Скрипаллар даволанган Солсберидаги шифохонада оғир аҳволда қолмоқдалар. Дастлаб улар гиёҳванд моддадан заҳарланганликлари тахмин қилинган.

Басунинг айтишича, у жабрланувчилар “Новичок”дан заҳарланганига ишора қилувчи таҳлиллар натижасини 4 июль кечки вақт олган.

Бироқ ҳозирча Скотланд-Ярдга жарбланувчилар ушбу модда билан қандай қилиб заҳарланганлари номаълум. Басунинг айтишича, жабрланувчилар Скрипаллар Солсберида бўлган жойларда бўлишмаган.

Басунинг таъкидлашича, ушбу икки воқеа бир-бири билан боғлангани ва гап бир партиядаги модда ҳақида кетаётганини аниқлаш керак. Унинг айтишича, у ҳозирча жабрланувчилар Скрипаллар билан алоқаси бўлгани, бу заҳарланиш суиқасд ёки тасодиф бўлгани борасида ҳеч қандай тахминга эга эмас. 

Басу Эймсберидаги ҳодиса тергови давом этаётгани, унда юзлаб детективлар иштирок этаётгани, ушбу жараёнга 12 та тузилма жалб қилинганини маълум қилган.

Англиянинг бош шифокори Салли Дэвис Эймсберидаги жабрланувчилар заҳарланган моддадан заҳарланиш хавфи камлигини, бироқ эҳтиёткор бўлишни, Эймсбери ва Солсберидаги ўраб олинган ҳудудларда бўлганларга кийимларини ювишни тавсия қилган.

“Ҳар қандай номаълум ва игна ёки шприц каби хавфли буюмларга тегишдан эҳтиёт бўлинг”, деб айтган бош шифокор.

Мавзуга оид